Ҳуқуқий хулқ тушунчаси, таркибий қисмлари, мотивлари, турлари
Маълумки, инсонларнинг фаолияти, хулқ-атвори бир хил эмас. Ҳуқуқ инсоннинг ҳуқуқий таъсир доирасига кирадиган хатти-ҳаракатини тартибга солади. Ҳуқуқ билан тартибга солинувчи хулқ-атвор ҳуқуқий хулқ деб номланади.
Айни пайтда ҳуқуқий хулқнинг юридик белгилари ҳам мавжуд:
а) ҳуқуқий тартибга солинганлиги;
б) давлат назорати остидалиги;
в) юридик оқибатларга олиб келиши.
Ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги ҳуқуққа мос равишда, яъни мамлакат қонунларига риоя қилиб, уни бузмасдан, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланган ҳолда ва мажбуриятларни бажариб нормал хулқ-атворни амалга оширадилар. Бу индивидуал ва жамоавий хулқ-атвор субъектларининг асосий ва умумий хулқ шаклидир.
Ҳуқуқий хулқ энг аввало аҳолининг онгли қисмини, яъни қонунга итоаткор фуқароларни қамраб олади. Қонунни ҳурмат қилиш эса ҳуқуқий давлат ва унинг умумий юқори маданиятининг муҳим хусусиятидир. Бундай хулқ уюшган кишилик жамиятининг, ўзаро мақбул ва маърифий муносабатларнинг зарур шартидир. Римликлар фикрича: «Кимки қонунлар асосида яшаса, у ҳеч кимга зарар етказмайди».
Демак, ҳуқуқий хулқ — бу юридик нормалар талабларига мос келувчи хулқдир. Бунда ҳуқуқий қоидаларга бўйсуниш кўп ҳолларда соф механик (рефлектор) эмас, балки индивиднинг бутун ҳаётий тажрибаси, унинг маданий, ахлоқий ва ҳуқуқий қарашлари билан белгиланади. «қонун билан ман этилмаган нарсаларга рухсат берилади» деган машҳур принципга асосланган ҳуқуқий хулқ презумпцияси мавжуд.
Ҳуқуқий хулқнинг хусусиятлари қуйидагиларда намоён бўлади:
- у ижтимоий зарур ва ижтимоий фойдали ҳодиса;
- инсон иродаси эркинлигини ифодалайди ва амалга оширади;
3) ҳам индивид, ҳам давлат манфаатлари ва эҳтиёжларини
қаноатлантиради;
- жамиятда зарурий ҳуқуқий-тартиботни таъминлайди;
- шахснинг позитив жавобгарлиги билан боғлиқ;
- ҳуқуқий давлат ҳуқуққа зид хулқни жамият ҳаётидан сиқиб чиқариш орқали ҳуқуқий муносабатлар доирасини кенгайтиришга интилади, яъни ҳуқуқий хулқ оммавий ҳисобланади;
- ихтиёрий ва онгли равишда амалга оширилади.
Ҳуқуқий хулқ — бу ҳуқуқ нормаларига мос келадиган, юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган, ижтимоий фойдали аҳамият касб этувчи ҳуқуқ субъектларининг онгли ва ихтиёрий хулқидир.
Моҳиятига кўра, ҳуқуқий хулқ шакллари ҳуқуқни амалга ошириш шаклларига тўла мос келади, яъни ҳуқуқий хулқ ҳуқуқ нормаларини амалга оширилишини ифода этади, ҳуқуққа риоя қилиш, уни бажариш, ундан фойдаланиш ва уни қўллаш каби шаклларда намоён бўлади. Ҳуқуқ нормаларига амал қилиш, юридик мажбуриятларни бажариш, ўрнатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш, махсус субъектлар томонидан ҳуқуқни қўллаш — булар ҳаммаси биргаликда ҳуқуқий хулқнинг моҳиятини ифодалайди.
Бу ерда субъектнинг хулқи қандай ҳолатларда ҳуқуқий, бироқ жамият учун исталмаган ва зарарли бўлишини фарқлаш зарур. Масалан, субъект арзимас сабаблар билан бир неча марта никоҳни бузиб ва уни бекор қилса, бу ҳол расман неча марта уйланиш мумкинлигини белгиламаган қонунга зид келмаса-да, бироқ бу давлат ва жамиятнинг оилани мустаҳкамлашга бўлган интилишига тескари. Шунга ўхшаш сайловларда овоз беришда иштирок этмаслик ҳуқуққа зид ҳаракат эмас, бироқ ижтимоий-сиёсий нуқтаи назардан субъектнинг бундай хулқини фойдали деб бўлмайди, чунки давлат ва жамият барибир барча сайловчиларнинг ўз фуқаролик бурчларини бажаришлари, ўз эркларини у ёки бу тарзда ифодалашларидан манфаатдор бўлади.
Ҳуқуқий хулқ таркибига қуйидаги элементлар киради:
субъект (ҳуқуқ лаёқатли шахс);
- объект (ижтимоий фойдали натижа);
- объектив томони (ҳуқуққа зид бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик);
4) субъектив томони (позитив мақсадлар, мотивлар, қоидалар).
Субъектив томон ҳуқуқий хулқнинг ички томонини ифодалаб, у ҳуқуқ субъектларининг масъулиятлилик даражаси билан белгиланади.
Ҳуқуқ назариясида ҳуқуқий хулқнинг турли жиҳатлари, белгилари, тавсифи, хусусиятлари етарлича ёритилган. Юристлар асосан инсонларнинг ҳуқуққа хилоф ножўя ҳаракатлари билан иш кўрадилар, бироқ улар шунингдек қонунларга риоя этувчилар қандай мотивларга асосланадилар, нормал хулқ эталони қандай, қандай ҳолатни ундан четга чиқиш деб ҳисоблаш мумкинлигини билишлари лозим. Ҳам ҳуқуқий, ҳам ноҳуқуқий хулқнинг руҳияти ва технологиясини, уларнинг механизми ва сабабларини, ички ва ташқи омилларини билиш, тушуниш муҳим.
Хулқнинг ижтимоий аҳамиятига кўра қуйидаги турлари мавжуд:
—объектив равишда зарурий хулқ (йўл қоидасига риоя этиш, солиқларни тўлаш, Ватанни ҳимоя қилиш);
—жамият учун исталган ҳуқуқ (сайловларда қатнашиш, партияга аъзо бўлиш, никоҳга кириш);
—ижтимоий жиҳатдан йўл қўйиш мумкин бўлган хулқ (иш ташлаш, ажралиш, ишини тез-тез ўзгартириш);
—ижтимоий зарарли, жамият учун исталмаган хулқ (жиноятлар, ножўя ҳаракатлар).
Ҳуқуқий хулқни субъектларига, объектив ва субъектив томонлари, юридик оқибатларига қараб таснифлаш мумкин.
Субъектига қараб: индивидуал ва гуруҳий ҳуқуқий хулқ.
Объектив томонига қараб: фаол ҳаракат ва ҳаракатсизлик билан боғлиқ ҳуқуқий хулқ.
Субъектив томонига кўра адабиётда ҳуқуқий хулқнинг қуйидаги турлари ва мотивлари фарқланади:
1) Ижтимоий фаол хулқ — бу ҳуқуқий нормаларни амалга оширишга, ҳуқуқий тартиботни, қонунийликни, барқарорликни сақлашга, давлат, жамият, бошқа шахслар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, чуқур англашилган ташаббускор хулқдир. Бунда субъект ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўйича қатъий ҳаракатларни содир этади, жиноятчиликка қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам қилади. Ҳуқуқ нормалари субъект томонидан унинг ўз қарашлари, эҳтиёжлари, интилишларини ифода этувчи объектив зарур, мақсадга мувофиқ қоидалар сифатида қабул қилинади. Бу шахснинг ўз-ўзини англаш юқори даражаси, унинг позитив масъулиятини кучли ҳис этишидир.
2) Ижтимоий пассив хулқ. Субъектлар асосан ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этишдан ўзларини тийиб турадилар: алоҳида фаолликсиз қонунларга бефарқ риоя этадилар, гарчи баъзан улар билан ички жиҳатдан рози бўлмасаларда. Амалда бу мажбурий хулқдир. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аҳолининг 20%и (Россияда) жазоланиш, фош қилинишдан қўрқиб, қулай шароитларда жиноят содир этишдан бош тортадилар. Демак, аҳолининг бу қисми ор-номус, виждон амри билан эмас, балки қўрқув туфайли ҳуқуққа риоя этадилар. Фақат жавобгарликдан қўрқиш уларни номақбул ҳаракатлардан сақлайди. Гегель «Ҳуқуқ фалсафасига танқид» асарида таъкидлашича: «Кўпинча ҳуқуқни жазоланишдан қўрқиш ёки бошқа кўнгилсизликлардан қочиш, масалан, яхши ном, ор-номус, обрўни йўқотиб қўйиш, дўстлари, танишлари, қариндошлари кўз ўнгида ўз обрўсидан ажраб қолишга йўл қўймаслик учун бузмайдилар». Шунга қарамасдан бу ҳуқуқий хулқ ҳисобланади, чунки бу ерда қонунга бўйсуниш мавжуд.
в) Одатдаги хулқ. Ижтимоий сўровларга кўра, аҳолининг учдан бир қисми ҳуқуқий нормаларга одатий тарзда, яъни нима учун шундай ҳаракат қилаётганликларини фаҳмламаган ҳолда риоя этадилар. Улар одатда ўзларининг қонунга итоаткорликлари мотивларини тушунтиришга қийналадилар, қоида бўйича «шундай қилиш керак», «шунга ўргатилганман», «шундай тарбияланганман», «бошқача бўлиши мумкин эмас» деб жавоб берадилар. Улар учун ҳуқуқий хулқ табиий, ҳаёт тарзи билан белгиланувчи ҳодисадир.
Бундай хулқ кўп омиллар таъсирида шаклланади: анъаналар, оилавий тарбия, соғлом муҳит; тартиботга, хотиржамликка, озодликка интилиш, шундай йўл тутиш билан ўз олдига қўйган мақсадларга, ютуқларга эришиш мумкин деб тушуниш.
г) Конформистик (мослашувчан) хулқ. Бу хулқ аввалгисидан атрофдагиларнинг таъсирига кўп даражада боғлиқлиги сабабли кам аҳамиятли ҳисобланади, «ўзга шахс фикри»га боғлиқ бўлади ва шу сабабли қоида бўйича ўзгарувчан, мустақил бўлмаган, мослашувчан хулқ ҳисобланади. «Конформизм» сўзи лотинчадан таржима қилинганда мойиллик, ўхшаш, мос келиш, бир хилликк, бир фикрга интилишни билдиради. Бу асосан қатъий фуқаролик позициясини истисно қилувчи ҳаракатларнинг вазиятга мос тарзидир.
Мотивация оддий: «оқ қарға бўлишни хоҳламаслик», «умумий қатор» дан четга чиқишни истамаслик, яқинлар, дўстлар, танишлар ишончини йўқотиб қўйишдан хавфсираш, аксинча, уларнинг мақтовига, қўллаб -қувватлашига сазовор бўлишга интилиш. Бунда тақлид қилиш омили ҳам кам аҳамият касб этмайди.
д) Маргинал хулқ. Маргиналлар — бу нормал ҳаёт тарзидан четга чиққан, ҳатто унинг тубидаги инсонлар (бомбжлар, уйсиз дайдилар, гадойлар, хроник алкоголиклар ва наркоманлар, собиқ маҳбуслар, қочоқлар, кўчманчилар ва б.)дир. Уларнинг хулқи кўпинча ҳуқуқий ва ноҳуқуқий хулқ чегарасида бўлади. «Маргинал»
лотинчадан таржима қилинганда чекка, чегара, оралиқ маъноларини
англатади.
Бу тоифа кишиларнинг руҳияти нобарқарор (нотинчлик, эртанги кунга ишнчсизлик, аламзадалик, ўта жоҳиллик, ғазабланиш ва б.) бўлади. Тақдири оғир бу инсонлар ҳамма нарсага тайёр бўлади. Яшаш, овқат топиш илинжида улар турли ҳуқуқбузарликлар, жиноятларга қўл урадилар. Муқим жиноий муҳитнинг ўзи уларнинг ҳуқуққа, ахлоққа, бошқа қадриятларга бўлган муносабатини белгилайди.
е) Нигилистик хулқ. Нигилизм муайян қоидалар, нормалар, принциплар, қарашлар, қонунлар, ҳаёт тарзига салбий муносабатни билдиради. Бу индивид ижтимоий хулқининг ва дунёни англашнинг шаклларидан биридир. У қандай қадриятларни инкор қилиши ва қайси соҳада намоён бўлишига қараб турлича:ахлоқий, ҳуқуқий,
сиёсий, мафкуравий, диний бўлиши мумкин.
Нигилистик кайфиятдаги кишиларнинг хулқи ўз хусусиятларига эга (скептицизм, шубҳаланиш, норозилик, экстремизм, радикализм ва б.). Бунда нигилистларнинг ўзлари қоида бўйича биронта ижобий дастурлар ва уларни амалга ошириш методларини илгари сурмайдилар. Уларнинг ҳаракатлари кўпинча рухсат берилган ва ман этилганлик чегарасида бўлади. Улар қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга риоя этишни «эскича» деб ҳисоблайдилар, максимализмга, оширилган талабларга мойил бўладилар. Юридик фан хулқнинг бу типини эътиборга олиши керак.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари буйича судлов ҳайъати
судя катта ёрдамчиси Ж.Убайдуллаев.