“Амударё”нинг маъноси нима? “Жайҳун”нинг-чи?
Ўрта Осиёдаги энг йирик дарё – Амударё қадимги юнон тарихчиси Ҳеродот (мил. авв. V аср) асарларида Аракс деб, кейинроқ (мил. авв. I аср – милоднинг I асрида) ўтган юнон тарихчилари асарларида Окс деб аталган. Олимлар ана шу Окс Амударёнинг қадимий туркий номи – Ўкуз, яъни “дарё” сўзининг ўзгинаси деб ҳисоблайди.
Авесто ва бошқа тарихий манбаларда Амударёнинг Аранг, Раха, Ранха, Аранха деган қадимий номлари ҳам учрайди. Араблар уни Жайҳун – “жўшқин (дарё)” деб аташган.
Амударёнинг қадимий эроний номи Вахш (Вахшоб) бўлган. Тарихий манбаларда Амударёнинг Термиз дарёси, Калиф дарёси, Аранг, Раха, Аранга, Урганч дарёси, Хоразм дарёси каби номлари учрайди.
Амударёнинг ҳозирги номи ўрта асрларда мавжуд бўлган Омул шаҳри (ҳозирги Чоржўй) номидан олинган дейишади. Шаҳар дарёдан ном олган бўлиши ҳам мумкин. Академик В. Бартолд “Бу сўз амард халқи номидан келиб чиққан бўлса керак” деган фаразни олдинга суради.