Президент Шавкат Мирзиёев: “Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир”
Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.
Бу тамойиллар ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилди.
Давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.
Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.
Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.
Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи йўналиш: “яшил” энергетика. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақамиз учун долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.
Бугун форум доирасида инвесторлар учун қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Президент ушбу йўналишда барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этди.
Иккинчи йўналиш: банк-молия соҳаси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.
Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.
Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистонда халқаро молиялаштириш инструментларини ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.
“Хорижий сармоялар оқими бир неча баробар ортиши, корпоратив бошқарув сифати ошиши, янги етакчи банк-молия институтлари кириб келишини кутиб қоламиз”,
— деди Президент.
Учинчи йўналиш: фойдали қазилмалар. Ўзбекистон – минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир.
Ўтган ойда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб борилмоқда.
Бу борада замонавий халқаро тажриба асосида янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинади.
Давлатимиз раҳбари стратегик хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун етакчи компанияларни Ўзбекистонга таклиф этди.
Тўртинчи йўналиш: мамлакатнинг IT трансформацияси. Бир йил ичида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
IT-парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, унинг базасида хорижий компаниялар учун Рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда.
Бу борада Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан “яшил” энергия асосида ишлайдиган “Маълумотлар маркази” барпо этилаётгани таъкидланди. Бу мамлакатимизни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга улкан туртки бағишлайди.
Бешинчи йўналиш: транспорт инфратузилмасини ривожлантириш. Ўзбекистон қулай ва замонавий транспорт тизимларини яратиш вазифасига устувор эътибор қаратмоқда.
Темир йўл соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда, тармоққа хусусий инвесторларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Пуллик автомобиль ва тезюрар темир йўлларни қуриш бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Тошкент, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича салоҳиятли хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик лойиҳалари тайёрланмоқда.
Маълумки, хорижий шериклар билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошланди. Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради.
Ўзбекистон инвесторларни ва халқаро ташкилотларни бу йирик минтақавий лойиҳаларда қатнашишга, Буюк Ипак йўлини замонавий асосда қайта тиклашга таклиф қилади.
“Сизларга муҳим бир фикрни етказмоқчиман: ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳангиз бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз аъзолари сизларга елкадош бўлиб, ёнингизда туриб, уларни тўлиқ амалга оширишда яқиндан ёрдам беради.
Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир”,
- деди Президентимиз нутқининг якунида.
Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.