Жаҳон

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди

Форумнинг ялпи сессиясида БМТ Бош котиби ўринбосари Татяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ҳам қатнашди.

Президент Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини самимий қутлаб, йилдан-йилга яхши анъанага айланиб бораётган ушбу формат доирасида юртимизда дунёнинг барча қитъаларидан янгидан-янги ишончли ҳамкорлар жам бўлаётганини таъкидлади.

Ўтган уч йил давомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.

Бугунги тадбирда 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар келгани ҳам форумнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Бу ўз навбатида, мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради.

Президент бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётганини қайд этди.

Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти.

“Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади”,
— деди Президент.

Related Articles

Back to top button