Маданият

ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ

Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.

Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти тааллуқли бўлиши мумкин.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.

Фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкоголь, гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилинади, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.

Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топилади.

Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан тугалланган ҳисобланади.

Шахс ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни мазкур мулк ёки ҳуқуқ унга берилиши шарти билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик ниятида олган ёки эгаллаган бўлса, қилмиш айбдорда ўзганинг мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритишга нисбатан қасд фақат ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилгунга қадар пайдо бўлган ҳолдагина фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим. Ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган қасд мавжудлиги тўғрисида, жумладан, айбдор томонидан сохта ҳужжат ёки кафолат хатларидан фойдаланиш, қарз мавжудлиги ёки мулк гаров остидалиги тўғрисидаги маълумотни яшириш, битимда тарафлардан бири сифатида иштирок этиши учун сохта корхона тузилиши, кредит маблағларидан мақсадга зид фойдаланиш ёхуд уларни нақдлаштириш кабилар гувоҳлик бериши мумкин. Қайд этилган ҳолатлар ўз ўзидан шахсни фирибгарлик содир этишда айбдор деб топиш учун асос бўлмайди, шу туфайли, шахснинг ўз мажбуриятларини била туриб бажариш нияти бўлмаганлиги ҳар бир муайян ҳолда ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланади.

Ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд айбдорда мулк қабул қилингандан кейин юзага келган бўлса, шахснинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этмайди ва муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш сифатида баҳоланади.

Шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси 

Т.Бекпулатов

Related Articles

Back to top button