Маданият

КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТИ

 

Сўнги йилларда суд-ҳуқуқ тизимига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, шунингдек ҳозирги кунда тезкор ва шиддатли даврда яшаб, энг асосийси, ҳар бир соҳада босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар замирида инсон ва унинг манфаатлари ётишини таъкидлаб  ўтди.

Бугунги кунда жамият тараққиёти юксалишида юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни борлиги қувонарли ҳол. Демак, эришилаётган ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг ортида халқимизнинг машаққатли меҳнати бор. Ана шундай муваффақиятларга эришишда тўғрилик, соф виждонлик, давлат мулкига ҳиёнат қилмаслик каби хислатлар асосий ўрин тутишини жуда яхши биламиз. Лекин, айрим ҳолларда юқоридаги хислатларга амал қилмаган шахслар жиноятга қўл урадилар.

Коррупция атамасининг этимологияси хусусида турли фикрлар мавжуд. Айрим олимларнинг фикрига кўра у лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “пора эвазига оғдириш” деган маънони англатади. Бошқа бир қарашга кўра коррупция атамаси лотинча “corrumpere” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузилиш, айниш, таназзул” деган маънони билдиради.

Коррупцияга қарши курашиш кўп ҳолда унинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишдан иборат бўлади.

Коррупцияга йўл очадиган омиллар сирасига ҳокимият органлари тизимининг мураккаблиги, буйруқбозлик таомилларининг кўплигини киритиш мумкин. Тақиқлар, рухсат бериш тартибларининг ҳаддан ташқари кўплиги, давлат хизматчиларининг манфаатлари етарлича ҳимоя қилинмагани ҳам коррупцияга йўл очади.

Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдорлари инсон хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя этмаган ҳолатларни аниқлашга қаратилган, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуидир.

Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг маслагига айланиши керак. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ҳам аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик институтларига кенг ваколатлар берилган бўлса-да, бу борада ҳали муаммолар кўп.

Мисол сифатида:

— фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратнинг ўрнатилмагани;

— давлат бошқаруви органларида коррупция даражасининг камаймаётгани;

— коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари билан халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш борасида муаммоларнинг мавжудлиги;

— коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг етарлича шаффоф эмаслигини кўрсатиш мумкин.

Давлат дастурида “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури” лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, у орқали мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар ташвиқотини тубдан яхшилаш кўзда тутилган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фақатгина коррупция учун жазоларни оғирлаштириш йўли билан бу иллатга қарши курашиб бўлмайди. Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.

 

Сурхондарё вилоят суди судьяси С.Сувонқулов

Related Articles

Back to top button