Маданият

Афғонистонликлар Термизда Навоийни ёд этди

Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида буюк шоир, файласуф ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган адабий–бадиий кеча бўлиб ўтди.

Таълим марказининг профессор-ўқитувчилари, афғонистонлик тингловчилар, маҳаллий ижодкорлар иштирок этган тадбирда Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олламуродов ва бошқалар буюк аждодимизнинг ҳаёти, ижоди, серқирра фаолияти билан боғлиқ ибратли фазилатларга атрофлича тўхталди. Алишер Навоийдан мерос қолган  ўлмас асарлар сайёрамиз халқларининг ноёб маънавий бойлигига айлангани хусусида сўз юритди.

– Мир Алишер Навоий бобомиз ёшлик даврида бизнинг юртимизга келиб, илм ўрганган, – дейди Менгнор Олломуродов. – Менинг назаримда ўша даврлар яна қайтиб, эндиликда афғон ёшлари, яъни сизлар Ўзбекистонда Навоийни чуқур ўрганяпсиз. Ўзингиз танлаган касбларнинг сир-асрорларини мукаммал эгаллаяпсиз. Биз дунёга ана шундай саховатпеша инсонларни, буюк алломаларни етказиб берган улуғ халқ аждодлари эканимиздан ҳамиша фахр-ифтихор ҳиссини туйиб яшаймиз. Ёш авлодни ҳам шунга муносиб бўлишга, Навоий меросидан баҳра олиб яшашга ундаймиз. Зеро, беш асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Алишер Навоий асарларининг тарбиявий аҳамияти, долзарблиги ва қадр-қиммати ошиб бормоқда.

Адабий-бадиий кечада шоирлар, таълим марказининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, афғонистонлик тингловчилар сўзга чиқиб,  улуғ шоирнинг “Хамса“, “Лисон ут-тайр“, “Хазойинул-маоний“, “Бадоэъ ул-бидоя“, “Девони Фоний“ сингари асарларининг, нодир ғазал ва рубоийларининг  бугунги ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Шоир ижодидан намуналарни ифодали ўқиб, ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни куйлади. Турли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шоир асарлари кўргазмаси, афғонистонлик ёшлар чизган Навоий портретлари, улар яратган Навоий бюсти барчада катта қизиқиш уйғотди.

Адабий-бадиий кечада фаол қатнашган бир гуруҳ иштирокчиларга таълим марказининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири

Related Articles

Back to top button