Маданият

Коррупция-тараққиёт кушандаси

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири хисобланади. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Президент 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди».

Албатта, амалга оширилаётган ишлар кўлами мақтовга лойиқ, бироқ, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг маълумотларига кўра, 6 ой мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.  Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд. сўм моддий зарар етказилгани аниқланиб, шундан 170,8 млрд. сўми (28 фоизи) ундирилиб, 421,7 млрд. сўми Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди (ХХР да жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд). Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.

 

Сурхондарё вилоят суди

девонхона катта консультанти М.Маматқориев

Related Articles

Back to top button