Бу қизиқ

Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича қабул қилинган қарорга шикоят бериш муддати

Президент томонидан 25.12.2023 йилдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги  ЎРҚ-884-сон Қонун имзоланди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан апелляция шикоят бериш   муддати икки бараварга қисқартирилмоқда (20 суткадан 10 суткагача).

Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинган қарор устидан 6 ой ичида  Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқиш учун шикоят келтириш мумкин.

Тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) бир ойгача бўлган муддатда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш талаб қилиб олинган тақдирда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Шикоятни ўрганиб чиқиш натижалари бўйича Олий суднинг судьяси ўз ажрими билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

  • суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида;
  • шикоятни иш билан бирга кўриб чиқиш учун Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида.

Ишни судда кўриб чиқишда қуйидаги шахслар иштирок этиши мумкин:

  • иш бўйича ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс;
  • жабрланувчи;
  • уларнинг қонуний вакиллари;
  • адвокат;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган.

Ушбу шахслар суд мажлисида бевосита ёхуд видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши мумкин.

Прокурор томонидан тафтиш тартибида протест киритилган ишлар бўйича Бош прокурор, унинг ўринбосари ёки улар томонидан ваколат берилган прокурор иштирок этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, тафтиш тартибида берилган шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

2) апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш ва биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида;

3) иш бўйича қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;

4) биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш ва янги қарор қабул қилиш ҳақида;

5) жазо чорасини кучайтирмаган ҳолда уни маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатида назарда тутилган доирада ўзгартириш ҳақида;

6) тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) қайтариб олинган тақдирда, тафтиш тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида.

Ишни тафтиш тартибида кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган қарор узил-кесилдир.

Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кирди.

 

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг девонхона мудири

Абдимуратов Зухриддин Шамсиддин ўғли

Related Articles

Back to top button