Жиноят оқибатида етқазилган маънавий зарар ундирилди
Инсон қадри ҳамма нарсадан устун!
Даъвогар М.А. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгарлар А.С. ва Ф.Х.лар томонидан содир этилган жинояти оқибатида етказилган зарар сифатида суддан 1.402.000 сўм моддий ва 50.000.000 сўм маънавий зарарни жавобгарлардан солидар тартибда ундириб беришни сўраган.
Жавобгар А.С. суд мажлисида даъво талабини тан олмасдан, содир этилган қонунбузилиш ҳолати бўйича жиноят ишлари бўйича судининг 2023 йил 12 май кунидаги ҳукми билан жазога тортилганлигини, М.А.қасддан ушбу ҳолатни келтириб чиқарганлигини, оилавий шароити оғир эканлигини, бошқа ушбу каби ҳолат такрорланмаслигини билдириб, даъво талаби асоссиз эканлигини баён этиб, даъво талабини рад этишни сўраган.
Аниқланишича, А.С. ва Ф.Х.лар 2022 йил 01 сентябрь куни соат 19:00 ларда маҳалла ҳудудида фуқаро М.А. билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида унинг баданининг дуч келган жойларига қасддан уриб-дўппослаб, унга “енгил” тан жароҳати етказишган.
Жиноят ишлари бўйича судининг 2023 йил 12 май кунидаги ҳукми билан А.С. ва Ф.Х.лар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми, 277-моддаси, 3-қисми “г”-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан 10 ой озодликни чеклаш жазоси, ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г”-банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 26-моддасига кўра, Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Конституциянинг 29-моддасига кўра, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Ушбу етказилган моддий зарар ҳисоби судга тақдим этилган туман тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган маълумот ва харид чеклари билан ўз тасдиғини топади.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1021-моддаси 1-қисмига кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.
Жиноят оқибатида М.А.га етказган тан жароҳатлари натижасида МАмаънавий азобланиб, руҳий қийналган бўлиб, бу ҳолатлар жавобгарларнинг бевосита айби билан содир етилган.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1022-моддаси 2-қисмида, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши белгиланган.
Даъвогар жавобгарлардан 50.000.000 сўм маънавий зарарни солидар тартибда ундиришни сўраган.
Суд етказилган маънавий азобларнинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда жавобгарлар томонидан етказилган моддий зарар 1.402.000 сўм, маънавий зарарни 7.500.000 сўм миқдорида деб ҳисоблайди ва жавобгарларнинг ҳисобидан солидар тартибда даъвогарнинг фойдасига ундиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 138-моддаси 1-қисмида, ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб бериши белгиланган.
Шу боис суд томонидан, жавобгарлар АС ва ФХдан солидар тартибда даъвогар МАнинг фойдасига 1.402.000 сўм моддий ва 7.500.000 сўм маънавий зарар ва суд харажатлари учун тўланган 693.000 сўм, жами 9.595.000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор.
Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқарога етказилган маънавий зарарнинг ўрнини пул шаклида қоплаш институти ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.
Маънавий зарарни қоплашга оид нормалар фуқаролик қонунчилигига мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритганидан сўнг киритилган бўлиб, унга қадар қонун маънавий зарарни ундиришликни кўзда тутмаган. Буни эса оддий бир ҳолат билан, яъни фуқаронинг шахси шу даражада “юксак” ҳисобланганки, бу шахсга етказилган маънавий зарарни пул билан баҳолаш асло мумкин эмаслиги билан асослашга ҳаракат қилиб келинган.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди раиси М.Э.Номозов