Маданият

Она фарзандини ўз тарбиясига олиш учун суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди!

Бола ота-онаси билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, лекин она меҳри ҳар нарсадан устунлигини унутмаслигимиз лозим!!!

Даъвогар СШ судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар АА билан шаръий никоҳ асосида оила қурганлигини, ўрталарида уч нафар фарзандлари борлигини, ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли жавобгар 2018 йилда туғилган ШР исмли фарзандини олиб қолиб, ўзини икки нафар ўғиллари билан уй-жойидан чиқариб юборганлигини, турмуш ўртоғи фарзандини кўришга ва уни олишга қаршилик қилаётганлигини, фарзандини жуда соғинганлигини, уни ўйлаб соғлиғини йўқотганлигини, фарзанди жуда ёш эканлигини ва она меҳрига муҳтожлигини билдириб, ШР исмли фарзандини ўз қарамоғи ва тарбиясига олиб беришни сўраган.

Жавобгар АА суд мажлисида даъвони қисман тан олиб, фарзандини ўзи ва онаси тарбиялаб келаётганлигини, фарзандларини яхши кўришини, уларнинг камол топиб, яхши яшашлари учун барча шароитларни яратиб беришини, оиласини сақлаб қолиш мақсадида ҳаракат қилаётганлигини, икки нафар фарзандларига нисбатан оталикка эътироз билдирганлигини, экспертиза натижасига қараб ҳаммаси бир оила бўлиб яшашлигини билдириб, ишни қонуний кўриб чиқишни сўраган

Аниқланишича, АА ва СШ 2018 йилда никоҳдан ўтиб, оила қуришган, ўрталарида 2018 йил туғилган ШР, 2020 йилда туғилган ИА ва 2022 йилда туғилган ТА исмли уч нафар фарзандлари бор ва вояга етмаган 2018 йилда туғилган ШР ҳозирда отаси АА билан яшаб келмоқда.

Туман ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва хомийлик органи судга далолатнома тақдим этиб, СШнинг яшаш шароитини ўрганиб чиққанлигини ва унда вояга етмаган болаларнинг тарбияси ҳамда ўниб ўсишига салбий таъсир қилувчи холатлар мавжуд эмаслигини ва улар учун барча шароитлар яратиб берилганлиги тўғрисида маълум қилинган.

Суд боланинг ёшини ҳамда унга психологик таъсир этиши мумкинлигини инобатга олиб, уни судга жалб этмасликни лозим топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг3-бандида, суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

Ўзбекистон Республикаси оила кодексининг 75-моддаси бешинчи қисмига кўра, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг  машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Суд юқорида қайд этилган ҳолатлар ва қонун талаблари, шунингдек вояга етмаган боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онасининг болалар ўртасидаги муносабатларини, унга она меҳри зарурлигини, қизбола эканлигини, вояга етмаган болалар бир-биридан алоҳида ҳолда улғайиши салбий оқибатлар олиб келиши мумкинлигини, бу ўз ўрнида уларнинг келгуси хаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда вояга етмаган болани онаси СШнинг қарамоғига ва тарбиясига олиб беришни лозим деб ҳисоблади.

Васийлик ва хомийлик органнинг судга берилган хулосасига кўра, тарафларнинг яшаш шароитлари ва оиласининг маънавий, аҳлоқий ва моддий таъминоти даражаси ўрганганлигини, тарафларнинг фарзандларини тарбиялаш учун шарт-шароитлари мавжудлигини, вояга етмаган болаларнинг тарбияси ҳамда ўниб ўсишига салбий таъсир қилувчи холатлар мавжуд эмаслигини, болалар жуда ёш эканлигини билдириб, болалар манфаатидан келиб чиқиб қонуний қарор қабул қилишни сўраган.

Суд юқорида қайд этилган ҳолатлар ва қонун талаблари, шунингдек вояга етмаган боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онасининг болалар ўртасидаги муносабатларини, уларга она меҳри зарурлигиниинобатга олган ҳолда вояга етмаган болаларни онаси ШМ нинг қарамоғига ва тарбиясига олиб беришни лозим деб ҳисоблайди ва шунга кўра, шунга кўра, суд даъво аризани қаноатлантиришни лозим топади.

Шу боис суд томонидан, жавобгар ААдан вояга етмаган 2018 йилда туғилган ШР онаси СШ нинг қарамоғи ва тарбиясига олиббериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Шуни айтиш жоизки, мазкур ҳал қилув қарори юқорий инстанцияларда жавобгарнинг шикоятига асосан Сурхондарё вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати томонидан кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда болани тарбиясига олиш билан боғлиқ низоларни судда кўришга доир масала яхлит тарзда мустақил тадқиқот объекти сифатида ўрганиб чиқиш лозим. Шу сабабли мазкур муаммони халқаро тажриба ва миллий қонунларимиз асосида ҳар томонлама ўрганиш, уни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ қилиш, низоларни фуқаролик судларида кўришнинг моддий ва процессуал-ҳуқуқий хусусиятларини фуқаролик процессуал ҳуқуқи нуқтаи назаридан очиб берилиши тақозо этилади.

Шунга кўра, бола ота-онасининг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги унинг турмушдаги эҳтиёжларини қондиришга асос бўла олади.

 
Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро суди раиси      М.Э.Номозов

Related Articles

Back to top button