Бу қизиқ

ШАРОФ РАШИДОВ ТОПШИРИҒИ БИЛАН ШЎРЧИ ТУМАНИДА ҚУРИЛГАН МАКТАБ

1978 йилнинг май ойларининг охирги кунлари эди. Мактабимизга яқин жойдаги бўрдоқичилик фермаси юқори натижаларга эришганлиги муносабати билан фермада Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов раҳбарлигида йиғилиш ўтказилиши белгиланган экан. Биринчи котиб келиши арафасида танаффус бўлиб қолди. Мактаб ўқувчилари ҳовлига югуриб чиқишди.

Биринчи котиб Ш.Рашидов келаётган қора “Чайка” тўхтади, ундан Шароф Рашидов тушиб мактаб ҳовлиси томон кела бошлади, изидан вилоят ва туман раҳбарлари ҳам мактаб ҳовлисига киришди.

Шароф Рашидов ўқувчилар билан самимий суҳбатлашди. У киши ўқувчилар билан суҳбатлашаркан, асосан ўзининг асарлари ва адабиёт тўғрисида савол берди. Афсуски, ўқувчилар у кишининг барча саволларига кўнгилдагидек жавоб бериша олмадилар. Чунки бу учрашув режалаштирилмаган бўлиб, Шароф Рашидовнинг шахсий ташаббуси билан бошланган эди.  Шароф Рашидов ўқувчилар билан бир соатдан ортиқ суҳбатлашди. У кишининг самимий суҳбатини ўша даврада бўлган собиқ ўқувчилар ҳеч қачон унутмайдилар.

-Болаларим, билим олиш учун зарур бўлган вақтларингни пахта даласида ўтказаяпсизлар, чигит экилгандан то пахта териб олингунга қадар далада меҳнат қиляпсизлар. Ўқиш учун ажратилган 9 ойнинг ярми далада ўтмоқда. Ноилож, лекин барибир ўқиш керак. Келажак сизларники. Мен Сизларга ишонаман, Сизлар Ватанимизга муносиб фарзанд бўласизлар!-деди. У киши суҳбатининг охирида-Мендан  нима илтимосларинг бор?- деб сўрадилар.

-Бизнинг мактабимиз биноси жуда эски, илтимос янги бино қурилишида ёрдам беринг!-деди битирувчи синф ўқувчиларидан бири.

Шароф Рашидов мактабга янги, икки қаватли замонавий бино қуриб берилишини ваъда қилди.

Собиқ иттифоқ даврида Шўрчи тумани “Жойилма” маҳалласида қурилган бу мактаб “Қизил мактаб” номи билан аталарди. Биз ўқиган давримизда Шота Руставели номли  46-ўрта мактабнинг икки қаватли биноси Шароф Рашидовнинг топшириғи билан 1980 йилда қурилган эди, ҳозир бу мактаб 21-сонли мактаб дейилади.

Бугун Шароф Рашидовнинг туғилган куни. Буюк адиб, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг порлоқ хотираси ўзбекистонликлар қалбида мангу яшайди.

46-мактабнинг 1979-йил битирувчиси Н. Шарипов

Related Articles

Back to top button