Маданият

Одам савдоси

Дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва жирканчи одам савдоси афсуски фан-техника тараққиёти даври бўлмиш ХХ-ХХ1 асрда авж олди. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган  жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб берди.

Эндиликда интернет  сайтлари ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган турли хил “юқори даромадли” ишга чақирувчи эълонлар “анъанавий” куча-куйда танишиб, “ишга ёллаш” жараёнининг ўрнини эгаллади.

Инсоният ўз тараққиёт жараёнида қулдорлик тузумини енгиб, бир нечта тараққиёт босқичларидан ўтгач, янги кўринишдаги “қулдорликка” қайтишига нима сабаб бўлмоқда? Унинг иллатлари қаерда яширинган?

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган одам савдоси замонавий кўринишда кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча ўн миллионни ташкил этади. БМТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 700 мингдан зиёд шахс одам савдоси билан шуғулланувчилардан азият чекишади.  Интернет, хусусан ижтимоий тармоқларнинг ривожи замонавий қулликни келтириб чиқарди, бунга асосан ноқонуний йўл билан иш излаб ўзга юртга кетишлар мазкур жараённи янада кучайтирди. Минглаб инсонлар ХХ1 асрда ҳам одам савдоси қурбонлрига айланишмоқда. Шу сабабли  ЮНЕСКО 23 августни Халқаро одам садоси қурбонлари хотираси куни, деб эълон қилди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб,  2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан
1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди. Айниқса Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.  Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаяпти.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 5 ноябрдаги  “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида” ги 240 — сонли қарорининг иккинчи бандига асосан одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари этиб белгиланди.

2001 йилдан буён республикамизда  фаолият кўрсатаётган “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази мамлакатимизда мазкур трансмиллий жиноятга қарши курашишда етакчи ташкилотлардан биридир.

Муқаддас китобларда нафс йўриғига юриш залолатга элтувчи фитна экани айтилади. Афсуски турли хил сабаблар, иқтисодий етишмовчилик туфайли  оиласини, фарзандларини ташлаб  йўлга отланувчиларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Агар Сиз чет элда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлсангиз:

—Сизга ўқиш ёки иш таклиф этаётган фирма ёки ташкилот билан шартномани белгиланган давлатга боришдан олдин, ўз давлатингизда имзоланг;

—Сизга чет элда ўқиш ёки ишлаш бўйича хизматларини таклиф қилган фирма ёки агентликни қонуний ишлашига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатда улар томондан кўрсатиладиган хизмат турларига аҳамият беринг. Лицензия ёки сертификатнинг асл нусхаси кўринарли жойга жойлаштирилган ва бир нусхада бўлиши зарур;

—шартномани имзолашга шошилманг, мутахассислар билан маслаҳатлашинг, ҳар бир банди билан мукаммал танишиб чиқинг;

—агар шартнома шартлари Сизни қониқтирмаса, имзолашни рад этинг. Ўз шартларингизни киритилишини ва ўзгартиришни таклиф қилинг;

—шартнома фирма ёки агентлик директори томонидан имзоланганлигига аҳамият беринг. Агар шартнома ижрочи ходимлар, масалан директор ўринбосари ёки бошқа ходимлар томонидан имзоланган бўлса, имзо қўйиш ҳуқуқини берувчи қарор ёки ишончномани (нотариал тасдиқланган) кўрсатишларини сўранг;

—сиз имзо қўйган шартнома ва бошқа ҳужжатларингиз нусхасини яқинларингизда қолдиришингиз зарурлигини ёдингизда тутинг;

—чет давлатларда фақатгина меҳнат визаси ишлаш ҳуқуқини беради, сайёҳлик визаси билан белгиланган давлатга бориб ноқонуний ишлашга розилик берманг;

—ўзингиз билан паспорт, билет ва бошқа ҳужжатларнинг нусхасини олинг ва асл ҳужжатлардан алоҳида жойга яшириб қўйинг. Яқинларингизда чет элдаги иш ва яшаш жойингиз, иш берувчи, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиринг;

-Шунингдек, бирор хавфга тўқнаш келсангиз бу ҳақида яқинларинингиз хабар бера олишингиз учун бирор оддий ва содда сўзни келишиб олинг (фавқулодда вазиятларга тўқнаш келсангиз, масалан ўғирлик, мажбуран ушлаб туриш ва бошқалар), бу телефон орқали гаплашаётганингизда кимдир назорат қилиб турган бўлса ёрдам беради;

—эътиборингизни қаратинг Сизга ваъда қилинаётган ойлик маош бажаришингиз керак бўлган ишга мос келадими, ҳаддан зиёд кўп тўлашни ваъда қилишмаяптими;

—йўл ҳаражатлари, яшаш, озиқ-овқат ва бошқа ҳаражатлар учун ўша жойда ёки кейинчалик ойлик маошингиздан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги таклифга розилик берманг;

—қуйидаги эълонларга диққат қилинг ва улардан эҳтиёт бўлинг: “Официантка, раққоса ва бошқа ишларга қабул қиламиз. Тажриба ва малака талаб қилинмайди. Йўл ҳаражатлари, яшаш ва кундалик ҳаражатлар иш берувчи томонидан қопланади”; “Катта маош тўланадиган ишларга қабул қиламиз”. Бу каби эълонларда телефон рақамидан бошқа маълумот бўлмайди, иш таклиф қилувчи фирма ёки агентлик тўғрисидаги маълумот кўрсатилмайди.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси   М.Хакимов

Related Articles

Back to top button