Энди адвокат бўлиш учун 2 йиллик иш стажи талаб этилмайди
«Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Энди адвокатлик лицензиясини олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажи сўралмайди. Фақат бирор адвокатлик тузилмасида камида 3 ой муддат стажировка ўташ керак. Шундан сўнг малака имтиҳони топширилади.
Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, энди адвокат бўлиш учун 2 йиллик иш стажи талаб этилмайди. Шу вақтгача талабгор лицензия олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши шарт эди.
Фақат адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида 3 ой муддат стажировка ўташ керак. Шунингдек, малака имтиҳонини топшириш зарур.
Қонунчиликка кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлганлар адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмаса ҳам малака имтиҳонида иштирок эта олади.
Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран камида олти ойдан кейин топшириши мумкин. Уни муваффақиятли топширганлар лицензия учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилади. Агар муддат ўтказиб юборилса, малака имтиҳонини такроран топширганидан кейингина қайта мурожаат қилиш мумкин. Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Лицензия олган талабгор уч ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ва якка тартибда ёки лицензияга эга бўлган бошқа шахслар билан биргаликда адвокатлик тузилмасини тузиши ёхуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириши шарт. Адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган ёки талабгорнинг фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар адлия органи томонидан олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида берилади.
Талабгор адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан адвокат мақомини олади, Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси адлия органи томонидан бу ҳақда уч кунлик муддатда хабардор қилинади. Шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан адвокат Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов