Бу қизиқ

ЎГАЙ ОТА-ОНА ВА БОЛА ЎРТАСИДАГИ АЛИМЕНТ МУНОСАБАТЛАРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 127-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, ўгай ота ва ўгай онанинг тарбиясида ёки таъминотида бўлган вояга етмаган ўгай ўғил ва ўгай қизларнинг ота-онаси йўқ бўлса ёхуд ўз ота-онасидан етарли маблағ ололмаётган бўлса, уларга таъминот бериш мажбурияти ўгай ота ва ўгай она зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз ўгай ўғил ва ўгай қизларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун етарли маблағ ололмаса, ўгай ота ва ўгай онанинг зиммасига уларга нисбатан ҳам шундай мажбурият юклатилиши мумкин.

Бу алимент мажбурияти қон-қариндошлик муносабатига асосланган бўлмай, ўгай ота ёки ўгай она томонидан ўгай болаларни тарбиялаганлик ёки таъминлаганлик юридик фактига асосан келиб чиқади. Ўгай болаларга ўгай ота ёки ўгай она томонидан тарбия ва таъминот берилганлик юридик факти уларнинг бир оилада бирга яшаганликлари билан тасдиқланиши мумкин. Алимент мажбуриятини белгилаш учун ўгай ота ёки ўгай она билан ўгай болаларнинг узоқ вақт бирга яшаган бўлишлари шарт эмас.

Ўгай ота ёки ўгай она билан ўгай болалар ўртасидаги алимент мажбурияти таъминот бериш учун мажбур бўлган бошқа қариндошлар бўлмаган ҳолда вужудга келади. Оила кодексининг 128-моддасига биноан, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўгай ота ва ўгай онанинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ёки вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга таъминот бериш мажбурияти ўгай ўғил ва ўгай қизлар зиммасига юклатилиши мумкин.

Агар ўгай ўғил ва ўгай қизни ўгай ота ва ўгай она беш йилдан кам вақт давомида тарбиялаган ва таъминот берган бўлса, шунингдек улар ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган бўлса, суд ўгай ўғил ва ўгай қизни ўгай отаси ва ўгай онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилишга ҳақли.

Ўгай болаларнинг ўгай ота, ўгай онага алимент бериш мажбурияти белгиланган бўлиб, у ўз мазмунига кўра, амалдаги Оила кодексининг 127-моддасида белгиланганидек, болаларнинг ўз ота-онасига таъминот бериш мажбуриятларига ўхшашдир. Ўгай болаларда ўгай ота-онага алимент тўлаш мажбуриятининг келиб чиқиши учун, биринчидан ўгай ота ёки ўгай онанинг ўз ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ҳамда вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаслиги ёхуд улардан қандайдир сабабларга кўра таъминот учун маблағ олишлари мумкин бўлмаслиги, иккинчидан таъминот талаб қилувчи ўгай ота, ўгай она меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бўлиши шарт.

Қуйидаги ҳолларда судга ўгай ўғил ва ўгай қизни меҳнатга лаёқатсиз ёрдамга муҳтож ўгай ота ёки ўгай онага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиш ҳуқуқи берилган.

Булар жумласига, ўгай ўғил ва ўгай қизнинг тарбияси ва таъминоти унча узоқ давом этмаган (яъни, 5 йилдан кам муддатни ташкил этган) бўлиши, шунингдек, ўгай ота ёки ўгай она ўгай ўғли ва ўгай қизини тарбиялаш ёки унга таъминот бериш борасидаги ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги киради.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Related Articles

Back to top button