Hodisalar

РАСМИЙ АХБОРОТ

Бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Абдуқодир Мўминов (1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, “Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов эълон қилган ҳукмга кўра:

А. Мўминов фуқаролар Л. М., Ф. К. ва Э. Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.

А. Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ва 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содири этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.

Шунингдек, А. Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди.

Биринчи инстанция ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжудлиги маълум қилинади.

Related Articles

Back to top button