Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлик учун бериладиган жазолар
Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголи ичимликдан, гиёҳванд мода таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Хўш, бундай пайтда шунчаки жарима тўлаб, гувоҳномани олдинроқ олса бўладими?
–Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголи ичимлик сабаб, гиёҳванд мода таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солиш ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 37-бандига кўра, ҳайдовчиларни автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади.
Автомототранспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач, мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари, назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача малака оширишлари шарт.
Бу ҳолда имтиҳон комиссиясининг қарорига мувофиқ бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бирор тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича, «D» тоифаси мавжуд бўлган ҳолатларда «D» тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий имтиҳонлар олинади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 343-моддасига қарайдиган бўлсак, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддатини қисқартиришнинг асослари ва тартиби берилган.
Унга кўра, муайян муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши ва намунали хулқ-атвори билан ўзини кўрсатган тақдирда унга нисбатан жазо қўллаган жиноят ишларибўйича суд бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини белгиланган муддатнинг камида ярми ўтгач ва суд томонидан тайинланган жарима тўлангач, корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг илтимоси билан қисқартириши мумкин.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди раиси Музафар Абдуллаевич Хакимов