Адабиёт

Доғистон халқининг масали

Доғистон халқининг масали бор. Бир мушук сичқонларнинг қишлоғини эгаллаб олибди. У ҳар куни ўнтадан ортиқ сичқонни ўлдира бошлабди. Сичқонлар йўқолиб кетишига оз қолибди.

Мушук ўзининг маъшуқаси билан овора бўлганда сичқонлар буни ғанимат билиб ўзаро мажлис ўтказишибди. Муаммога ечим излашибди. Сичқонлар ичида «Ҳаким» лақабли ёши улуғ тажрибали сичқон бор экан. Ўша ёши улуғ сичқон уларга шундай дебди:

— Мушук бизга тўсатдан ҳужум қилаяпти. Биз билмай қолаяпмиз. Унинг қўли юқорилигининг сабаби шунда. Ундан қутилишнинг биргина йўли бор.
Сичқонлар Ҳакимдан сўрашди:
— Эй Ҳаким! Муаммонинг ечимини айт!
Ҳаким деди:
— Ичимиздан кимдир мушук ухлаб ётганида унинг бўйнига қўнғироқ боғлаб қўйиши лозим. Ана шунда биз унинг ҳужумидан огоҳ бўламиз.

Сичқонлар қариянинг маслаҳатидан таажжубланишди. Энди фақат бу режани амалга ошириш қолди. Ҳаким бу режани амалга оширадиган мард сичқонни топиш учун уларга бирма-бир қаради. Уларнинг ҳар-бири бу вазифани бажармаслик учун баҳона кўрсатди. Улардан бири «мен югура олмайман» деди. Бошқаси «менинг кўзим ўтмасроқ» деди. Яна бири «мен беморман» деди.
Шундай қилиб режа ижро этилмасдан қолиб кетди. Мушук қишлоқдаги сичқонларни охиригача еб битирди.

Қадимгилар: «Режасиз мақсад орзудан бошқа нарса эмас!», дейишган.
Бундан келиб чиқадики, ижро қилиш шижоати бўлмаса режа худди қоғоздан ясалган уйга ўхшайди. Унда яшаб бўлмайди. Ёки кеманинг расмига ўхшайди. Унда денгизга чиқиб бўлмайди.
Бизнинг кўпчилигимизда режа бор. Аммо унинг ижроси йўқ. Нега энди доим бир жойда тураверамиз. Худди тебратма стулга ўтиргандекмиз. Қимирлаймиз-у ҳеч қаерга етиб бормаймиз.

Related Articles

Back to top button