Азиз Несин. Минг марта шукур!
Ҳикоя
Кадикўйда Бўстонжи томонга қатнайдиган трамвайнинг охирги вагонига бир амаллаб чиқиб олдим. Вагоннинг орқа томонидаги майдончада саккиз киши тиқилишиб кетяпмиз. Оёғига кигиз маҳси билан калиш, бошига йиртиқ шапка кийиб олган бир мўйсафид қўлидаги тўрвани орқа томондаги ойнакка қўйди. Шапка кийган ўрта яшар йўловчи оғзига сомон тиқилган саватини темир сандиқ устига қўйгач, ёнидаги одамга мурожаат қилди:
— Ошнам, эҳтиёт бўлинг, ичида бор.
Саккиз йўловчи орасида тухумдан гап очилиб кетди.
Аслида саватда тухум ўрнига мих бўлганида ҳам нима тўғрисида бўлмасин, барибир гап бўларди. Чунки одам одамни кўрганда йиғилиб қолган гапларини айтиб ичини бўшатгиси келади.
— Тухум қанчадан бўлди? — деб сўради йиртиқ шапка кийган бояги мўйсафид.
— Э, сўраманг, тухумнинг нархи чақиб оламан дейди.
— Ҳозир нархи осмонга чиқмаган нарса қолдими, ҳаммаси шунақа…
Чарм камзул кийган, қоп-қора мўйловли одам билан икковимизгина гапга аралашмадик. Қолган олти киши фотиҳага қўл очиб, омин деяётгандай бараварига «тўғри» деб юборди.
Ҳозир арзон нарса қолдими ўзи?
— Арзончиликни тушда кўрамиз, афандим, тушда.
— Шу кетишимиз бўлса, охири нима бўларкин-а?!
— Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да!
— Шу кетишимиз бўлса, охири бахайр бўлишига кўзим етмай қолди.
— Кеча нархи икки лира турган нарса бугун икки ярим лирага чиқиб кетади-я. Ахир, бу нима деган гап? Сен уйда ухлаб ётганингда улар кечаси билан нархларни ошириб чиқишадими, нима бало.
— Қимматликка қиммат-а… Лекин бозорда молнинг ўзи йўқ-да, оғайни.
Олти йўловчи шу тарзда бири олиб-бири қўйиб гапирар, бири гапираётганда бошқалари «шундай», «тўғри, жуда тўғри», «рост гап» деб тасдиқлаб туришарди.
Трамвай Олтийўлга келиб тўхтади. Тушадиган одам бўлмади. Бизнинг майдончага яна бир йўловчи чиқди.
— Тирикчилик жуда оғир бўлиб қолди, — деди тухумларнинг эгаси, — илгарилари нақ аждаҳонинг оғзидан овқат олардик. Энди ўша аждар оғзидаги овқат ҳам нақ ичига кириб кетди. Қани, мард бўлсанг оғзига қўлингни тиқиб кўр-чи.
Янги чиққан йўловчи гапга аралашди:
— Қимматчилик тинкани қуритгани етмагандай, ижара ҳақи силлани қуритиб ташлади.
Яна ҳаммаси баравар «тўғри» деб юборишди.
Шу кўйи бири қимматчиликдан, бошқаси ижара ҳақи баландлигидан, яна бири керакли нарсани топиб бўлмаслигидан, бошқаси уй-жойдан гапириб жиғибийрон бўларди. Тўғрисини айтсам, мен ўша ерда эшитган гапларимни ҳозир ёзишга ҳам ботинолмайман. Улар шу даражада қизишиб кетишган эдики, кўрган киши буларни ишдан чиқиб, ҳориган-чарчаган ҳолда уйларига эмас, худди норозилик билдириш учун бирор митингга кетишяпти, деб ўйлаши мумкин эди. Уларнинг овозлари баландлашиб, айтаётган гаплари чинакам нутққа айланиб кетарди. Уларга қараб: «Ҳой, ватандошлар, бунақа қилманг, гапларингиз тўғри-ку, лекин сиз айтгандек унчалик эмас. Қолаверса, бунақа жойда паст-баланд гапларни айтаверсангиз, бошингиз балога қолиши мумкин» демоқчи бўлдиму, лекин юрагим бетламай индаёлмадим. Жаҳли чиқиб турган одамнинг ёнига йўлаб бўладими! Сизни у бир бало қилиб қўйиши ҳам мумкин. Уларнинг фикрига қўшилмаганимдан кейин индамай кетаверсам нима қилади?
Трамвай Йўғиртчи бекатидан жилиши билан улар яна авжга чиқиб кетишди. Менга ўхшаб боядан бери жим келаётган чарм камзулли одам чидаб туролмай:
— Қидирган нарсани топиб бўлмайди, деб ким айтди? Минг марта шукур, ҳамма нарса тўкинчилик, — деди.
Гапни гапирган у бўлди-ю, мен қўрқиб кетдим. Ўртада жанжал чиқиб, етти киши бир бўлиб чарм пўстинлини бемалол дабдала қилиб ташлаши мумкин. Етти йўловчига секин разм солдим. Улар ҳам чарм пўстинлига тикилиб туришибди. Ўртага жимлик чўкди. Гўё улар бу одам нима деганини, мақсади нима эканлигини тушунмагандай.
— Нима бўлса йўқ дейсизлар. Нима йўқ экан? Минг марта шукур, қидирса ҳамма нарса топилади.
Етти йўловчи ҳайратда. Юзини ажин босган хомуш йўловчи биринчи бўлиб ўзига келди:
— Минг марта шукур. Ҳамма нарса топилади.
Бошқалар ҳам яна «омин» демоқчи бўлгандай, баб-бараварига:
— Минг марта шукур! — деб юборишди.
— Худога шукур, юртимизда қимматчилик йўқ, — деди чарм пўстинли одам.
— Қимматчиликни ўзимиз қиламиз, — жавоб берди унга ҳозиргина қимматчилик ҳақида ғазаб билан гапириб турган, йўловчи, — ҳаммаёқ қимматчилик, деганимиздан кейин қимматчилик бўлиб кетаверади-да.
— Тўғри. У нарса йўҳ, бу нарса йўқ, деявериб, борини ҳам қуритдик. Ўртамиздан барака кўтарилди. Минг марта шукур, ҳамма нарса сероб.
— Минг марта шукур.
— Минг марта шукур.
— Мен сизларга гапириб бераман, мана ўзингиз кўринг, — деди уларга чарм камзулли одам, — ўзим шоферман. Бундан ўн олти йил бурун ойига бир юз йигирма лира олардим. Ўша пайтларда бир кило қанд ўттиз қуруш турарди. Ҳозир бўлса бир кило қанд икки лира. Лекин маошим ҳам ошган — олти юз лира оламан. Хўш, нима гап экан? Қанднинг нархи кўтарилган бўлса, маошлар ҳам ошган-да.
— Ҳа, ошган, минг марта шукур.
— Ҳозир қўлда пул ҳам кўп, — деди қимматчилик ҳақида гап бошлаганлардан бири. — Минг марта шукур, пул сероб.
— Ҳаммол ҳам ҳозир кунига ўн беш лира ишласа ҳам, кам дейдиган бўлиб қолди.
— Жуда тўғри.
Йиртиқ шапкали чол гапга аралашди:
— Йўқчиликка ҳам, борчиликка ҳам ўзимиз айбдормиз. Биттаси туриб «чой йўқ» дейдиган бўлса, ҳамма чойга ёпишади. Қарабсизки, чой топиб бўлмай қолади. Шундай қилгандан кейин, бор нарса ҳам йўқолади-да. Минг қатла шукур, ҳамма нарса бор.
— Худога шукур, ҳамма ёқда тўкинчилик.
Трамвай Фенерйўлига келиб тўхтаган эди, йўловчилардан бири:
— Минг марта шукур, минг марта шукур, — деганича вагондан тушиб кетди.
— Кўриниб турибди, ҳозир саноатимизда кўтарилиш бор, — яна гап бошлади чарм камзулли, — шунинг учун четга мол чиқаряпмизу, ўзимиз-мол олмаяпмиз. Баъзи нарсалар топилмаётганлигининг сабаби ҳам шунда.
«Минг марта шукур»га ўрганиб қолганлардан бири:
— Топилмаяпти, минг марта шукур, — деб юборди.
У шу заҳотиёҳ хатосини тузатди:
— Ҳа, ҳозир кўтарилиш пайти-да, нари борса бир-иккита нарса топилмайди, холос. Пайти келиб улар ҳам топилиб қолар, минг марта шукур.
Яна чарм камзулли гапга тушди:
— Минг марта шукур, Истамбул шу вақтга қадар бунчалик кўтарилишни, бунчалик фаровонликни кўрмаган.
— Тўғри айтасиз, ҳечам кўрмаган, минг марта шукур. Яъни ҳозир кўряпти. Султон Фотиҳ замонидан буён қўл урилмаган кўчалар очиляпти.
— Ҳа, очиляпти, минг марта шукур.
— Баъзи нарсаларни бузиб ташлашяпти.
— Бузиб ташлашяпти, минг… Ҳаҳ, йўллар очишяпти.
«Минг марта шукур»ни минг марта эшитиб, Жаддаи бўстонга етиб келдик. Майдончада кетаётган йўловчилар бирин-кетиб тушиб, бу ёғига чарм камзулли одам билан икковимиз қолдик. У тўсатдан:
— Сиз нима дейсиз? Боядан бери оғиз очганингиз йўқ! — деб юборса бўладими.
Манави расвогарчиликни қаранг, нима қиламан энди? Бошимни эгиб, елкамни учирдим-да, икки қўлимни икки томонга ёйдим. Бу «нима дейишга ҳайронман» деганим эди. Мен на бояги гапларга қўшиладиган пессимист, на «минг марта шукур» дейдиган оптимист эдим. Чарм камзулли яна қўймади:
— Хўш, сиз нима дейсиз?
Трамвай бунчалик тез кетмаётган бўлганида, ўлай агар, вагондан сакраб тушиб қолардим. Ноиложман, чарм камзулли эса саволини яна қайтарди. Мен ҳам яна елка учириб, билмайман, дегандай лабимни бурдим.
— Шунақа пасткаш одамлар ҳам бор-а? — деб сўради мендан.
— Кимни айтяпсиз? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Ҳозиргина минг марта шукур деб валдираб келганларни-да.
— Ҳа…
— Ҳозир ҳаммаси мени сўкяпти. «Минг марта шукур» деб турганларидаёқ буни сезган эдим. Буларни қаёққа судрасанг, ўша ёққа кетаверишади. Фақат судрашни билсанг бўлди.
Трамвай Эранкўйга яқинлашиб қолди.
— Нима дейсиз, қимматчилиги ростми ўзи?
Чарм камзулли мендан қандай жавоб кутаётганлигини билмаганлигим учун мушкул аҳволда қолдим.
— Чиндан ҳам қидирган нарса топилмайдими? Чиндан ҳам қимматчиликми?
— Минг марта шукур! — дедим мен ҳам.
Шу пайт трамвай тўхтаган эди, бир сакраб ерга тўшдим. Чарм камзуллидан қутулганимга чиндан ҳам минг марта шукур!
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси