Коррупция давлат ва жамият фаровонлиги, тараққиёт учун энг жиддий хавф
Коррупция-жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона. Бу борада ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор.
Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёҳуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, ҳудди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Албатта, ушбу муаммо ва унинг оқибатлари ниҳоятда улкан. Коррупция иқтисодиётнинг самарасизлигига ва издан чиқишига олиб келади. Пора миқдорининг ўсиши нарх-навони қимматлаштириб, хизмат ва товарлар сифатини ёмонлаштиради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тараққиётга жиддий тўсқинлик қилади. Шунинг учун суд, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи устувор саналади.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, бу соҳада ахборот-маърифат тарғибот иишларини рағбатлантириш мамлакатимизда устувор вазифага айланди.
Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Бироқ, жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олинмаса, унга қарши курашилмаса, илдиз отиб кетади. Инсон нафсини тия олмаса, бойликка, зебу зийнатга ружу қўйса, маънавий оламини бойитмаса, илм ўрганмаса, ҳалол ва ҳаромни ажратишга одатланмаса, бу иллат домидан чиқолмайди.
Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили у ёки бу давлатда ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш хато бўлмайди. Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб, жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол пайдо бўлади. Нима қилса дунёни эгаллаб, мамлакатлар иқтисодий ўсишига раҳна солаётган бундай балонинг таъсир доираси камаяди?! Мамлакатда коррупция схемалари, меҳнат қилмасдан тезда бойиб қолиш механизмлари, ишланган усуллари “занжири” узиб ташланмас экан, давлатимизнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотини ҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетаверади.
Коррупция
— биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди;
— иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради;
— учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, Ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халал беради.
Бугун ҳар биримиз жирканч иллатга қарши кураш масаласида ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз зарур. Бефарқ, лоқайд бўлар эканмиз, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган бу иллатдан халос бўлолмаймиз. Уни бартараф этмас эканмиз, жамият дарахти мева тугиб, гуркираб ўсо лмайди. Келажак авлод бу дарахтнинг саховатидан баҳраманд бўлолмайди. Коррупция муқаррар фалокатдир. У келажакка ишонч, умид руҳини сўндиради. Жамиятда руҳсиз ва кайфиятсиз инсонларнинг кўпайишига, ўғрилик, каззоблик, айёрлик каби иллатларнинг илдиз отишига сабаб бўлади. Шу боис ислоҳотни маиший коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдан бошлашимиз даркор. Коррупцияга қарши фақат сиёсат билан эмас, жамиятда соғлом фикрлашни йўлга қўйиб, курашсак мақсадга эришамиз.
Коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмлари такомиллаштирилаётгани, бу жараёнга жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси
М.А.Хакимов