Маданият

ОТАЛИК БУРЧИНИ УНУТГАН ШАХС

Маълумки, Бош қомусимизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбия­лашга мажбурдирлар” дея белгиланган қоидасидан келиб чиққан ҳолда айрим қонунларнинг бола ҳуқуқларига оид нормаларини такомиллаштириш борасида таклиф ва мулоҳазалар туғилди. Негаки, ҳаётда барча ота-оналар ҳам (кўпроқ оталар) юқоридаги моддада қайд этилган бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди.

Ана шундай воқеалардан бири, Шўрчи туманида истиқомат қилиб келаётган фуқаро Абдурахмон Бобоёров (исм-фамилия ўзгартирилган) суд ҳужжатига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун жами 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлашни унутиб қўйган кўринади.

Суд ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Абдурахмон Бобоёровга икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаши лозим бўлган алимент пулларини тўлашни бир неча эслатишига қарамасдан, у эса алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келди.

Натижада жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг қарори билан Абдурахмон Бобоёров тўламаганлиги сабабли унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Абдурахмон Бобоёров ўзига маъмурий қамоқ жазо тайинланганидан кейин қилган қилмиши оқибатларини тушуниб етиб, ўз жигаргўшаларини моддий таъминотини ўйлаб, 4 кундан сўнг жами 42.448.755 сўм алимент пулларини тўлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси
2-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши;

шу Кодекснинг 271-моддаси 10-бандида, ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда шахсни жавобгарликдан озод этиш ушбу Кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан Абдурахмон Бобоёровга оид маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш кўриб чиқилиб, юқоридаги Қонун нормаларига асосан енгиллик қўлланиб, у маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинди.

Хулоса шуки, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик муқаррар жавобгарликни келтириб чиқаради ва бу борада судлар томонидан жазо муқаррарлиги таъминланади.

Мухиддин Маликов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button