85 ЁШЛИ СТУДЕНТ
Ўш вилоятининг Аравон туманида истиқомат қилувчи Мамат ота Қулматов 76 ёшида ўзи яшаётган туман марказидаги медицина коллежининг фармацевтика бўлимига ўқишга топшириб, уни 79 ёшида тамомлаган эди.
Мамат ота ҳозир 85 ёшида бўлишига қарамай, Ўш Давлат университетининг медицина факультетида фармацевтика йўналиши бўйича кечки бўлимда таҳсил олмоқда.
Ҳамқишлоғи Шуҳратбек аканинг айтишича, оқсоқол ёшлигида химия-биология факультетига ўқишга топшириб, турмушдаги қийинчиликлар туфайли ўқишни тугатолмаган экан.
Отахон шундай дейди: «Ҳар бир одам билимли бўлиши керак. Неча ёшга кирган бўлса ҳам илм олишнинг кечи йўқ. Мен халқ табобати билан ҳам шуғулланаман. Айримлар шу ёшингизда ўқиб нима қиласиз, — дейишди. Бироқ улар менинг ичимда нима борлигини билишмайди. Ўзим уларга тушунтираман. Онам касаллик туфайли эрта вафот этган. Шунда, албатта, шифокор бўламан, деб ўзимга ваъда берганман».
Аббос ЙЎЛДОШЕВ.
«Муштум» мухбири