МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ КУЙИШ КАСАЛЛИГИ
Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароити мевали дарахтлар ва ток ўстириш учун энг қулай ҳисобланади. Республикада мева дарахтлардан олма,нок,беҳи,олча, гилос, ўрик, шафтоли кабилар кўплаб экилади.Бироқ боғ ва зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва юқори ҳосил олиб бўлмайди.Фақат олма қуртига қарши кураш олиб борилмаса ҳосилнинг 50 ва 70 фоизини йўқотиш мумкин. Ўзбекистоннинг мевали боғларида 200 дан зиёд зараркунанда ва 50 дан ортиқ касаллик қўзғатувчи замбуруғлар учраши қайд қилинган. Боғ ва токзорларда учрайдиган зараркунандаларнинг айрим турлари — олма, олхўри ва узум мевахўр қуртлари, бинафшаранг, сохта қалқондорлар, мева ўргимчакканалари, нок ширинчаси, нок шира бити, акация соҳта қалқондори, шарқ мева қурти, ғилофли куя йил мавсум давомида бир неча марта авлод бериб катта зарар етказади.
Мевали дарахтларнинг куйиш касаллигидан бири Erwinia amylovora (Burrill) Com. S.A.B. бактериясидан атиргулдошлар оиласига мансуб бўлганларидан нок, олма, беҳи, дўлана, қизил, пираканта, странвезия, олча, олхўри, гилос, ўрик, шафтоли, бодом, атиргул, спирея, рябина, малина, қулупнай, ёнғоқ, хурмо, ҳаммаси бўлиб 28 туркумга кирувчи 167 тача тур зарарланади. Шумтол, заранг, қайрағоч, сирень, тол; ўтсимон ўсимликлардан картошка, саллагул, салат ва сигирнўхат зарарланиши ҳақида хабарлар мавжуд. Касаллик тез тарқала олиши ва зарарланган дарахтларнинг пўсти, кейинчалик бутун дарахт ҳалок бўлиши туфайли, анча катта зарар етказади. Экинларнинг 20-100 фоизини зарарлаши, уларнинг 10-90 фоизини бутунлай ҳалок қилиши мумкин. Мевали дарахтлар 1-2 йил ичида қуриб қолади. Олма ва нокнинг деярли барча навлари ҳамда дўлана, қизил, пираканта ва странвезия касалликка ўта мойилдир.
Бу бактериоз одатда эрта баҳорда – дарахтлар гуллаган пайтда намоён бўлади. Намлик юқори ва ҳарорат 18 даражадан баландроқ бўлиши, касаллик учун қулай шароит яратади. Экинларнинг гул, новда, поя, барглари ва ёш мевалари зарарланади – улар бирдан қораяди ва сўлиб қолади.
Зарарланган дарахтлар оловга куйгандай тус олади. Шох ва новдаларнинг пўстлари бурушиқ шишчалар билан қопланади ва улардан сутдай оқ мода чиқади, шох ва пояларга оқади; бу суюқлик ҳавода қотади ва қаҳрабодай сариқ ёки тўқ-қўнғир тус олади. Зарарланган жойлар ёз иссиғида қурийди, бироз ботиқ шакл олади ва чатнаб кетади.
Касаллик олдин новдаларнинг уч қисмида бошланади, сўнгра пастга қараб тарқалади, каттароқ шохларга ва пояга ўтади, оқибатда бутун дарахт зарарланади ва қуриб қолади. Бактерия ўсимлик тўқималарига гулларнинг ширадон (нектарник) лари, камроқ ҳолларда барг тешиклари ҳамда ҳархил ҳашаротлар пайдо қилган ва механик яралар орқали киради. Об-ҳаво ва иқлим билан боғлиқ ҳолда касалликнинг кучли ривожланиши баҳорда, ёзда ёки куз бошида кузатилиши мумкин.
Баҳорда бактерия зарарланган органларда жуда кўплаб пайдо бўлади – новда ва шохлардан чиқадиган оқ суюқлик бактерия массаларидан ташкил топган бўлади. Бактериялар ўтказувчи тўқималар ичидаги суюқлик орқали новда ва шохларнинг тепасидан пастки қисмларига тарқалади; бошқа ўсимликларга бактериялар ёмғир ва шамол билан тарқалади. Улар ҳархил ҳашаротлар – асалари, қовоғари, пашша, сўрувчи ҳашаротлар (ширалар) ва қушлар воситасида ҳам осон тарқалади ва бошқа ўсимликларни ёки ўша ўсимликнинг бошқа органларини зарарлайди. Узоқ масофаларга бактерия экиладиган ва пайванд қилиш учун мўлжалланган барча материаллар ва тара билан тарқалади. Бактериоз тарқалган мамлакатлардан экиш ва пайванд қилиш учун мўлжалланган материалларни Ўзбекистонга киритиш ман этилади.
Даврон Мирзақулов,
Сурхондарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи