Сурхондарёда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди
Сурхондарё вилоятида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилишда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди.
Яъни, Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан бюджет ва кредит маблағларини ўзлаштирган 1 нафар собиқ банк ходими ва 7 нафар турли ташкилот ходимлари эҳтиёт чораси сифатида мажлис жараёнидан қамоққа олинган.
ТАФСИЛОТЛАР ҚУЙИДАГИЧА: жорий йил май ойида «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. қиймати 12 млрд. 87 млн. сўм бўлган 2 минг 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди.
Тергов ҳаракатлари давомида Д.А. ўзи томонидан талон-торож қилинган 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 млрд. 607 млн. сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилган.
Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида «Музработ дон қабул қилиш шохобчаси» собиқ мудири О.И. «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Ё.О.лар катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилгани аниқланган. Натижада уларга нисбатан ҳам «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, ун тегирмони собиқ раҳбари (Ё.О)нинг қиймати 4 млрд. 886 млн. сўмлик 1 минг 166 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли бўлган қиймати 5 млрд. 400 млн. сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси ҳам «гаров»га ўзгартирилди.
Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж.лар томонидан жиноий йўл билан топилган 2 та «Жентра» русумли енгил автомашина ҳам тегишли тартибда хатланди.
Яна бир ҳолат: 2021 йилда Шўрчи туманидаги “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ тассаруфидаги 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Амалда технология 142,7 гектар майдонда барпо этилиб, пудратчи “Agro new drip” МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Ҳисоботларда эса ишларнинг тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бу эса катта миқдордаги субсидия маблағларининг ажратилишига сабаб бўлган.
Ўрганишлар давомида «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Т.А. ва ушбу бошқармада фаолият юритиб келаётган айрим масъул шахслар давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши ҳақидаги имкониятдан қасддан фойдаланиб, юқоридаги 142,7 гектар майдондан ташқари, қўшимча 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.
Оқибатда “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖга 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ажратилган ва иқтисодиётга катта миқдорда зарар келтирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Т.А.га гумонланувчи сифатида «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда эса “Shurchi Indenim Klaster” МЧЖ масъул шахслари томонидан келтирилган 6 млрд. 747 млн. 640 минг сўмлик зарарнинг давлат фойдасига ундирилиши таъминланди. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чораси «гаров»га ўзгартирилди.
Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда