Фуқароларнинг реал шароитини ҳисобга олмай қабул қилган айрим қонунлар уларни янада оғир шароитга тушириб қўймоқда
Афсуски фуқароларнинг реал шароитини ҳисобга олмай қабул қилган айрим қонунлар уларни янада оғир шароитга тушириб қўйишда давом этмоқда.
Масалан, ўтган йили ер масаласида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра (68-1-модда) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик фуқароларга БҲМнинг ўн баравари, мансабдор шахсларга ўн беш баравари миқдорида жарима солиниши белгиланди.
Оддий айтганда вақтида уй-жой ёки иморатингизни кадастр қилдирмасангиз 2 млн 700 минг сўм ёки 4 млн 50 минг сўм жарима тўлайсиз.
Аҳолининг билдираётган эътирозларидан кўриниб турибдики, уларнинг кўпчилиги моддий имконияти етмагани учун кадастр қилдиролмаган.
Энди пул топдим деганда, отни калласидек жарима кутиб турибди. Нима қилсин?..
☝️Иқтисодий имконияти нисбатан яхшироқ дейилган биргина Тошкент вилоятининг ўзида 51 мингдан уй-жойларни фуқаролар ҳалигача кадастр қилдира олишмаган. Бу рақам мамлакат бўйича қанча экан?
Афсуски айрим ҳолларда ушбу норма ижро идораларидаги мансабдорлар учун шахсий адоват ортидан фуқароларни танлов орқали жазолаш ёки коррупционер ходимлар шахсий чўнтакларини қаппайтириш йўлида фойдаланишаётгани ҳақида ҳам мурожаатлар бўлмоқда.
Лекин асосийси бу эмас.
Асосий ва аламлиси шуки, ушбу нормани сайловчилар манфаати учун курашамиз, деб сайланган биз депутатлар қабул қилиб берганмиз!