Бу қизиқ

“Манавини олинг”да, ишимни тезроқ ҳал қилиб беринг!»: ўртада андиша, меҳр-оқибат сарсон…

Кейинги пайтларда фуқаролар билан муроса қилиб ишлаш қийинлик қилиб кетяпти, назаримда. Уларнинг муаммосини бартараф этишга қанчалик ҳаракат қилмайлик, мурожаатларини ўрганиб, қонун доирасида ҳал этилиши ёки ҳал этилмаслигини тушунтирмайлик, буни тушунишни исташмаяпти ёки тушуниб, билиб туриб, бекорчиликдан давлат идораларига келишга одатланиб қолишган.

Нега дейсизми, яқинда давлат ташкилотларидан бирига ишга кирдим. Янги иш, янги жамоа олдида уялиб қолмаслик учун астойдил бор куч-ғайратим билан ишлаяпман. Вазифамга кирмайдиган топшириқларни ҳам ақлим ва билимим етганича бажаришга ҳаракат қилаётганимни билаётганлар буни эътироф ҳам этишмоқда. Фақат, айрим фуқароларнинг (билмай ёки атайлаб қилаётган) мурожаати мени ўйлантираяпти.

Тўғрисини айтсам, ишга жуда вақтли келишга одатланганман. Соат эрталабки, 7:50. Эшик қоқиб келган инсонинг ушбу сўзлари ҳайратимни оширди:

— Синглим, шу десангиз, ёшликда ўқиб ўрганишга қунт қилмасдан, пул топишга ҳаракат қилдик. Раҳматли отам икки марта институтга киргизиб қўйганда ҳам ҳою ҳавасга берилиб, ўқимадим. Мана энди қўлимда бир энлик олий маълумотли бўлмаса ҳам ўрта махсус деган диплом йўқлигидан афсусдаман. Четда ишлаб пул топиш ҳам жонимга тегди. Уйимизнинг ёнидаги мактабга ишга киришимда ёрдам берсангиз. Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Кўриб турибсиз, нарх-наво жуда қиммат. Оила боқиш осон бўлмаяпти. Биргина аёлимнинг олаётган маоши етмайди. Ишимни ҳал қилиб берсангиз, рози қиламан. Ҳозирдан бирор бир хизмат бўлса, ҳеч иккиланмай бемалол айтаверинг. “Олди бердисиз” ҳеч бир юмуш битмаслигини жуда яхши биламан. Сизнинг ҳам ўзингизга яраша ташвишингиз, харажатингиз бор.

…Энди бир ўйлаб кўринг. Ҳеч қандай дипломи йўқ кишини қаерга ҳам ишга оларди?! Аканинг бу сўзлари, бундай қараш кишини ўйлантирмай қолмайди, албатта. Ўзимизнинг давлатимизда бир кун ҳам ишламаган, фақатгина чет элда ишлаб юрган киши бундай фикрлашига сабаб нима?

Бундай фикрга қачон келган билмадим. Одамлар нега бунчалик тор фикрлайдиган бўлиб қолди. Мулоҳаза қилиб, ўйлагиси келмайди. Нотўғри бўлса-да, ўзлари тўғри деб хулоса қилиб, шу масалани ортидан юради ёки “фалончига берилди-ку у ҳам мендек фуқаро бўлса, нега менинг ишим битмайди”, деб дийдиё қилади. Ҳа, деганда иши битавермаса, “Манавини олиб қўйинг-да, ишимни тезлаштириб беринг”, дейдиганлар кўпайиб қолди. Ўртада эса андиша, меҳр-оқибат сарсон.

Ҳаёт шундай бир майдонки, унда ҳамма бир хил даражага эришиб яшамайди. Аксинча, ҳар биримизнинг ўз йўлимиз, ҳаётимиз, тақдиримиз бор. Ана шу ўйда ўтирган бир пайтимда ташкилотимизнинг раҳбари хонага асабийлашиб кириб келди.

— Одамларга тушунмайман-да. Қилган мурожаатига жавоб берсангиз ҳам, қайта-қайта келаверади. Ростдан ҳам бошқа қиладиган иши йўқми буларнинг? Бир ҳафтада саккиз марта келади. Қўлида бир дипломи йўқ давлат идорасига ишга киришимда ёрдам беринг дегани-деган. Олий маълумотли кадрлар керак, деб оғзаки, ёзма жавоб бердим. Аммо…

Тунов куни бир фуқаро иш сўраб келди. Айтишича, у ишга кирмоқчи бўлган жойда ишлаётган одам вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашаётганмиш. Бордим, ўргандим. Ҳаммаси жойида. Энди эса, уни ишдан бўшатиб, мени олинг деб келибди. Яхшигина ишлаб турган одамни бўшатиб, ўрнига қандай қилиб бошқа кишини ишга олиш мумкин. Одамларни тушуниб бўлмай ҳам қолди.

Сабри йўқ ҳамюртларимиз бугун мурожаат қилишни, эртаси куни эса “Таниш-билиш” излашга ҳаракат қилибгина қолмай, ҳе йўқ бе йўқ “Манавини олиб қўйингда ишимни тезроқ битказиб беринг” дейишни афзал билади. Ана ундан кейин ҳаммани “порахўрлик”да айблаб, ўзларига гард юқтирмайди. Яна давлат идорасида ишлаётганлар айбдор, ноҳақ улар эса ҳақ.

Сўз луғатимизда сингиб кетган, коррупциянинг ҳиди келадиган “Хизмат бўлса, бемалол”, “Сиздан угина, биздан бугина”, “Хамир учидан патир”, “Муомаласини қилиш керак”сўзларни унутишнинг вақти келди назаримда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.

Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири бу коррупциядир.

Ушбу иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга келинг, бугундан киришайлик. Иллатни енгиш учун ҳозирданоқ ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириб, фуқаролик бурчимиз ҳақида ўйлайлик. Зотан, бугунги ҳаракатимиз ёшларимизнинг эртанги куни, келажаги учун хизмат қилса ажаб эмас.

Нигина ШОЕВА,

журналист

Related Articles

Back to top button