Ўзбекистон

Суд ҳокимияти — адолат ва мустақиллик тимсоли “Судлар тўғрисида”ги Қонун

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 2021 йил 15 июнда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2021 йил 26 июнда Сенат томонидан маъқулланган бўлиб, мамлакатимизда суд ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Мазкур қонун суд тизимининг мустақиллиги, одил судловни амалга ошириш тартиби ва суд ҳокимиятининг конституциявий мақомини мустаҳкамлайди.

Қонуннинг 1-бобида умумий қоидалар белгиланган бўлиб, 1-модда суд ҳокимиятининг асосий тамойилларини очиб беради. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, шунингдек сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда фаолият юритади. Бу норма судларнинг холислиги ва адолатли қарор қабул қилишини таъминлашга хизмат қилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги — ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан биридир. Чунки адолат фақат босим ва таъсирлардан холи муҳитдагина қарор топади. Қонун судларнинг фақат Конституция ва қонунларга бўйсунишини белгилаб, уларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа орган ёки мансабдор шахс суд ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас. Бу эса суд ҳокимиятининг ягона ва мустасно ваколат соҳаси эканини англатади. Суд қарорлари қонун асосида, далил ва исботларга таянган ҳолда қабул қилинади.

Суд ҳокимиятининг бундай ҳуқуқий мақоми фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Чунки ҳар бир шахс ўз ҳуқуқи бузилганда мустақил ва холис судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлиши — демократик жамиятнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Қонун нафақат суд тизимининг ташкилий асосларини, балки адолатли судловнинг маънавий-ҳуқуқий тамойилларини ҳам мустаҳкамлайди. Ушбу қонун суд ҳокимиятини давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида эътироф этиб, адолат ва қонунийлик устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг раиси

Номозов Музаффар Эргашович

Related Articles

Back to top button