Hodisalar

Носозлик панд берди

Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур. Ҳа нафақат иш қурол, балки жиловингиздаги автоулов ҳам теҳник жиҳатдан соз бўлса, кўзлаган манзилга қийналмай этасиз. Кўнглингиз ҳам ҳотиржам топади. Бироқ, алмисоқдан қолган улов билан бирон-бир мақсадга эришиш қийин. Устига устак, киракашлик қилсангиз, бу энди ортиқча даҳмаза.

Денов тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Н.О мана шу оддий ҳақиқатни билмади, билсада нафс қурғурнинг ҳукмига бўйсунди. Хуллас, қиссадан ҳисса шуки, у техник жиҳатдан носоз бўлган “УАЗ-452” русумли
75 А 102 ВA давлат рақамли, йўловчи ташишга мўлжалланмаган автомашинада киракашликни касб қилди.

Н.О 2024 йил 11 январь куни соат 16:00 ларда автомашина бортига одам миндирган ҳолда Узун туман “Ўрмончи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-620 автомобиль йўлидан бошқариб бораётиб йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ушбу йўлнинг 16-километридан ўтаётганда автомашина тормози ишламасдан қолиши натижасида бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетди. Йўлнинг чап томонидаги дарахтга бориб урилган машина ағдарилиб кетади. Натижада автомашина бортида бўлган йўловчи С.Қ оғир, С.Қ енгил тан жароҳати олишади. С.Қ 2024 йил 13 январь куни шифоҳонада вафот этади.

Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг тамандаги “Нурафшон” биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида Н.О айбига иқрорлик билдирди. Ҳақиқатдан ҳам, унинг бошқарувидаги “УАЗ-452” автомашинаси жуда эски. Автомашина фақат енгил юкларни ташишга мўлжалланган. Одам ташиш учун жиҳозланмаган. Шундай бўлсада, арзимаган чой чақа, деб йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, киракашлик қилган. 2024 йил 11 январь куни соат тахминан 9:00 ларда С.Қ ва Ж.Кларга тегишли молларни Боботоғнинг “Чағам” қишлоғида чўпонларга қўшиб келиш мақсадида йўлга тушган О.Н манзилга эсон омон етиб боради. Қайтишда Шўрчи туман “Хушчекка” маҳалласида яшовчи С.Қни ҳам машина бортига олади. -Тормоз бошида яхши ишлади, — дейди О.Н ўз кўрсатмасида. – Лекин тоғ йўли нишаблик ва қияликлардан иборат бўлганлиги учун тормозни ишлатавериш оқибатида “колодка”лар қизиб, темирдан куйган ҳид чиқа бошлади. Бундай пайтда машинани тўхтатиб, совутиш керак эди. Аммо мен йўлда давом этдим.

Оқибатини ўйламабман…

Оқибатини ўйламай босилмаган қадам Н.О га қимматга тушди. У суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли, деб топилди ва қилмишига яраша жазо тайинланди.

 

Сурхондарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси:                                                   

А.М.Саъдуллоев 

Related Articles

Back to top button