Жаҳон

Инсонпарварлик юкларни етказиб бериш маросими тўғрисида

2021-йилнинг 14-сентабр куни Aфғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Aфғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами топширилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мазкур инсонпарварлик ёрдами – ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пояфзаллардан иборат бўлиб, бу ўзбек халқининг биродар Aфғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодасига айланди.

Маросимда сўзга чиққан Aфғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Aлоҳида қайд этилганидек, Aфғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Aфғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳолади.

Тадбирда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида берилибгина қолмай, балки алоҳида эҳтиёж эканлигини, бу эса халқларимиз ўртасида асрлар оша давом етиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир исботи эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Aфғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button