Судлар фаолиятини рақамлаштиришда янги босқич

Бугунги глобаллашаётган дунёда илм-фан ва замонавий ахборот технологиялари тобора ривожланиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳам ниҳоятда ортиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳам барча давлат идора, муассаса ва органларининг фаолиятини юритишда мазкур жараён чуқур аҳамият касб этмоқда. Жумладан, суд ҳокимият органларида иш юритишни рақамлаштириш ҳар томонлама муҳим ўринга эга саналади.
Чунки одил судловни таъминлашда, суд ишларини олиб боришни шаффофлаштириш, судлар очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахслар учунадолатли суд хизматидан самарали ва максимал даражада манфаатли фойдаланишни йўлга қўйишда, рақамлаштиришнинг, иш юритишда инсон омилининг иштирокини камайтиришнинг, онлайн суд (давлат) хизматлари сонини оширишнинг таъсири жуда каттадир.
Ўзбекистонда судларнинг фаолиятини рақамлаштиришни янада кучайтириш мақсадида 2025 йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони (кейинги ўринларда – “ПФ-140-сонли Фармон” ёки “Фармон” деб ёзилади) қабул қилинди.
Мазкур Фармон ундаги белгиланган жуда кенг қамровли мақсад ва вазифаларнинг моҳиятига кўра, бугунги миллий суд тизимини юксак босиқчга кўтаришга хизмат қилади.
Халқимизга, хусусан, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш учун ушбу Фармон билан Ўзбекистон судлари фаолиятини ривожлантириш, жумладан, рақамлаштириш бўйича қуйидаги 7 та асосиймақсад белгилаб олинди:
— суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;
— судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;
— Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
— судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича «Кибер ҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш;
— иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш;
— «Рақамли суд» концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш.
Эътиборли жиҳати шундаки, Концепция доирасида судларни рақамлаштиришнинг мутлақо янги фазаси – сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ва имкониятларига ҳам дастлабки бор урғу берилди.Фармон билан, шунингдек, «Рақамли суд» концепциясини (кейинги ўринларда “Концепция” деб ифодаланади) амалга ошириш ва суд ҳокимиятини рақамлаштиришнинг келгусидаги режаларини амалга ошириш бўйича бажарилиши керак бўлган вазифалар ҳам аниқ белгиланди.
Ушбу Концепция судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, у босқичма-босқич амалиётга жорий қилиб борилади ва уни амалга ошириш доирасида қуйидагилар амалга татбиқ қилинади:
- Судга мурожаат қилишдан олдин, сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг эҳтимолий натижалари ҳамда кутилган харажатлар таҳлил қилиниб, олдиндан шакллантирилади.
Бундан кўзланган мақсад – аввало судга мурожаат қилмоқчи бўлган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ҳуқуқий йўл билан олдиндан ҳал қилиш, уларда мазкур масалаларнинг судловга тааллуқлилиги ва тегишлилиги, қонунчиликка асосан суд қандай тўхтамга келиши мумкинлиги бўйича тасаввур уйғотишдир. Чунки, биринчидан, бу орқали мурожаатчининг ҳуқуқий онги оширилади, иккинчидан эса, агар у қонуний жиҳатдан ноҳақ бўлса, муаммоли вазиятни судгача олиб бориш фикридан қайтиб, унга бошқа ҳуқуқий йўллар билан ечим излаш чораларини кўриши (жумладан, иккинчи томон билан келишув чораларини кўриши) мумкин бўлади.Ушбу имконият фуқароларнинг вақтини ва суд харажатларига сарфланадиган маблағларининг тежаб қолишига ҳам имкон беради.Натижада эса ҳар қандай муаммо ва низолар бўйича ҳам судга мурожаат қилиш камаяди, бу эса судларда маълум даражада иш ҳажмининг оптималлашишига ҳам таъсир қилади.
- Барча мурожаатлар суд органларига электрон форматда юборилади.Яъни мурожаатларни қоғоз шаклида юбориш билан боғлиқ турли қоидалар ва талаблардан халос бўлинади. Бу орқали эса судларга қилинадиган мурожаатларнинг мурожаатчилар учун энг осон ва қулай усулидан фойдаланишга ўтилади. Чунки мурожаатлар судларнинг электрон маълумотлар базасига онлайн шаклда келиб тушади. Умуман олганда, бугунги кунда ҳам айнан шу тарзда мурожаатларни судга қабул қилиш амалиёти ва тартиблари мавжуд. Аммо мазкур Фармонга кўра, мурожаатларни электрон қабул қилиш секин-аста тўлиғича электрон форматга ўтказилади.
- Суд жараёнида иштирок этувчи шахслар суд биносига келмасдан, масофадан туриб онлайн тарзда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Бу орқали ишда иштирок этувчи шахсларнинг вақти ва моддий харажатларини тежашга эришилади. Бу амалиёт ҳам ҳозирги вақтда судларда мавжуд. Хусусан, суд залларида ишларни видеоконференцалоқа (ВКА) режимида ўтказиш учун зарур алоқа воситалари ўрнатилган бўлиб, фуқаролар ўзлари истаган жойдаги суд биносидан туриб, суд мажлисларида онлайн қатнашишлари мумкин. Бундан ташқари,https://vka.sud.uz/ сайтига кириш орқали “TE Desktop”(компьютерлар учун) ёки
“TE Mobile” (телефон қурилмалари учун) дастурини ўрнатиш орқали, фуқаро ва тадбиркорлар, биронта суд биносига бормасдан, ишхонаси ёки уйидан чиқмаган ҳолда ҳам, компьютер ёки мобил телефони воситасида, ҳатто хорижда туриб суд мажлисларида қатнашишлари мумкин. Аммо юқоридаги Фармон асосида келажакда судлардаги мазкур имкониятлардан максимал даражада кенг фойдаланилиши мумкин бўлади.
- Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ишга оид барча ҳужжатлар ва материаллар билан электрон тарзда танишиш имкониятига эга бўлади.
Бугунги кунда судларга электрон тарзда даъво ариза (ариза) киритган шахсларда мазкур имконият мавжуд бўлиб, судларнинг азхборот тизимини янада такомиллаштириш, унинг бошқа давлат ташкилотларининг маълумотлар базаси ва давлат интерактив маълумот платформалари билан интеграциясини мустаҳкамлаш орқали ушбу имкониятдан барча ишда иштирок этувчи шахсларнинг фойдаланишларига шароит яратилади.
- Суд харажатлари электрон усулда ҳисобланади ва тўланади, ижро варақалари эса автоматик равишда ижрога юборилади.
Ҳозирги вақтда суд ҳаражатларини мурожаатчи ўзи ҳисоблашига тўғри келмоқда. Суд харажатлари, айниқса, давлат божларини тўғри ҳисоблаш ва тўлашда айрим ҳолларда турли хатоликларга ҳам йўл қўйилмоқда. Гарчи суд платформаларида фуқаролик ва иқтисолий ишлар бўйича давлат божини ҳисоблаш бўйича айрим имкониятлар яратилган бўлса-да, бу мурожаатчиларнинг турли суд ишлари бўйича барча суд харажатларини ҳисоблаш ва тўлаш бўйича эҳтиёжларини тўлақонли таъминлаб бера олмаслиги мумкин. Қолаверса, суд ҳужжати қабул қилиниши вақтида судьянинг суд ҳаражатларини тўғри ҳисоблаши ва ёки тақсимлаши учун ҳам мукаммал ҳисоблаш механизмига зарурат мавжуд. Бундан ташқари, бугунги кунда турли ижро варақалари турлича кўринишда ундирувчиларгаёки МИБга юборилмоқда. Бу эса суд ҳужжатларининг ижро қилинишида хилма-хилликни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли ҳам, суд харажатларининг электрон усулда ҳисобланиши, тўланиши ва ижро варақаларининг автоматик равишда ижрога юборилиши бу борада ижобий маънода туб ўзгаришлар юз беришига олиб келади.
- Суд ишларитўлиқ электрон форматда, замонавийахбороттехнологиялариасосидаюритилади.
Бугунги кунда судларда иш юритишни рақамлаштириш ва ишларни электрон юритиш борасида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да, судларда айрим тоифадаги ишлар илгаригидек – қоғоз шаклида, айримлари – гибрид шаклда (мурожаатчи томонидан электрон тарзда юборилган ариза бўйича ишнинг қоғоз шаклда юритилиши), бошқалари эса тўлиқ электрон шаклда юритилмоқда. Бу ҳам судларда ишларни юритишнинг ҳали ҳам турлича кўринишда олиб борилаётганлигини, иш юритишнинг классик усулларидан (қоғоз шаклида) тўлиқ воз кечилмаганлигини, бу эса давлат бюджетига сезиларли даражада молиявий юк бўлиб тушаётганлигини, судларга мурожаат қилишда инсон омили ҳали максимал даражада чекланмаганлигини англатади. Шундай бўлса-да, бу борада амалга оширилган чоралар ҳам кенг салмоқли бўлиб, республикамиздаги судларда иш юритишнинг электронлашиш даражасини “оралиқ”, “ўтиш” босқичида дейишимиз мумкин. Суд ишларининг тўлиқ электрон шаклда юритилиши эса суд иши юритишнинг энг замонавий шаклига ўтилишига олиб келади.
- Суд мажлислари баённомалари сунъий интеллект ёрдамида реал вақтда матн шаклида тайёрланади.
Бугунги кунда ҳам деярли барча ҳолатларда (ВКА, мобил ВКА режимида кўрилиб, аудио-видеофиксация қилинадиган ишлардан ташқари) суд мажлиси баённомалари суд мажлиси котиблари томонидан “эски” услубда – қоғозда ручка ёзиш учун қоғоз ва бўёқ сарфлашади, иккинчидан, баённомани ёзиш улардан анча вақтни талаб қилади, учинчидан, ушбу баённомаларни яна компьютерда қайтадан ёзиб чиқиш эса ундан-да кўпроқ вақтни олади, тўртинчидан, мазкур баённомаларни ёзиш ва имзолаш муддатлари ҳам қонунчилик билан чегараланган бўлиб,баённомаларни ўз вақтида ва батафсил ёзиш кўп меҳнат ва маҳоратни талаб қилади.Бу эса суд мажлиси котибларининг бошқа хизмат вазифаларини қилишлари учун етарли вақт ажратишларига жиддий салбий таъсир қилиши мумкин. Қолаверса, таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, энг кучли ва тажрибали суд ходимлари ҳам суд жараёнидаги барча ҳолатлар ва тушунтиришларни тўлиқ ёдда сақлаб қола олишмайди ва суд баённомасига тўлиғича акс эттира олишмайди. Шу сабабли ҳам, суд процессини замонавий технологиялар асосида онлайн (синхрон) қайд этиб бориш замонавий давр талабидир.
- Суд ҳужжатларилойиҳалари автоматик равишдашакллантирилади.
Ҳозирги кунда барча судларда ва брача тоифадаги ишлар бўйича ҳамма суд ҳужжатлари судьялар томонидан қўлда ёзилади, бошқача қилиб айтганда, қўлда тайёрланади. Бунда замонавий ахборот телекоммуникациялари, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланилмайди ва иш юритишнинг “классик” услуби қўлланади. Масалан, иқтисодий судларда судлар ажрим, ҳал қилув қарори, қарор ва суд буйруғи каби суд ҳужжатлари чиқарилади (қабул қилинади). Шунингдек, бу ҳужжатлар турли тоифадаги ишлар бўйича турлича кўринишда бўлади. қолаверса, ҳар бир судьянинг ўз ёзиш услуби, тактикаси бўлиши ҳам мумкин. Биргина суд ажримларининг жуда кўплаб турлари мавжуд бўлиб, кўпчилик ҳолатларда судлар томонидан суд ажримлари чиқарилади. Мазкур ҳужжатларнинг ҳаммаси қўлда ёзилади ва уларнинг ёзиш ниҳоятда кўп вақтни олади. Ваҳоланки процессуал қонунчиликда барча суд ҳужжатларининг ёзилиши ва ўз вақтида ишда иштирок этувчи шахсларга юборилиши бўйича қатъий талаблар белгилаб қўйилган.Шу сабабли ҳам, бизнингча, дастлаб, муайян тоифадаги ишлар бўйича, кейин эса барча тоифадаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари лойиҳаларининг автоматик тарзда тайёрланиши одил судловни самарали амалга оширишда жиддий аҳамиятга эга саналади.
Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш учун ҳам Фармонда«Рақамли суд» концепцияси асосида 2025 йил якунига қадар, пилот лойиҳа сифатидаТошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилиши, шунингдек, Олий суд томонидан «Рақамли суд» концепцияси доирасида кўриладиган низолар бўйича ишлар тоифаси тасдиқланши, мазкур Концепцияни 2026 — 2027 йилларда босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча судларида татбиқ этилиши белгиланган.
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси А.Н.Сатторов




