Безовта руҳ, хўрланган майит — ўз ўғлини ўлдириб ертўлага кўмиб қўйган ота узоқ муддатга қамалди
Дунёнинг ишларидан гоҳи ёқа ушласанг, гоҳида ёқангни тополмай қолишинг ҳеч гап эмас. Боиси инсоният шу қадар қабиҳликларга қодир бўлиб кетдики, ақлингга сиғдиришинг амри маҳол.
Оила одамзот учун бебаҳо, фарзанд эса умрнинг олтин неъмати. Эртанги куннинг мақсади, мазмуни ва саодати. Лекин ана шу бойлигу борлиқ мавҳумликда,босилаётган қадам қаерга тушишини билмайдиган даражада аянчли муҳитга ўралиб қолган оилалар ҳам борки, (агар оила дейиш жоиз бўлса) афсус…
Балки ўша қўрғонлар ер юзидаги энг хосиятсиз, хайрсиз, энг ёмон жойлардир. У ердаги одамлар энг бахтсиз, лаънатланган, бало-қазолардир.
Тошкент шаҳрида содир бўлган мудҳиш воқеа тафсилоти билан танишаркансиз, кўнглингиздаги бу каби ўйлар тилингизга кўчмай қолмайди. Аммо надоматга таскин топиш амри маҳол. Ғишт қолипдан кўчган бир инсон ҳаёти бой берилган, бириси эса умрбодлик тавқи лаънатга рўбарў. Аянчлиси эса уларнинг бири фарзанд, иккинчиси эса падар аталмиш эди.
Даставвал Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ота бир йилда «Амнистия тўғрисида»ги Фармонга асосан озод қилинганди. Билганида, бу унга берилган катта имконият эди. Аёли вафот этган, биргина ўсмир ўғли билан ҳалол ишлаб, фароғатда яшаши учун қайтарилган озод ҳаёт эди. Аммо у бундай қилмади.
Ота-бола иккиси ҳам ичишга ружу қўйишганди.
Отанинг иккинчи бор бир аёлни уйга олиб келиши билан гўё орадаги ришта узоқлашди. Ўғил отасини уйланишини истамас, ҳеч бир аёлни онасининг ўрнига қўёлмасди, балки. Ҳовлидаги муҳит бу аёлни ҳам кўпга қўймади. Кетди.
Аммо ота-бола ораси совуса совиди-ки илимади. Ҳа, оилада яна бир фарзанд — қиз бориди. Яхшиямки, раҳматли она уни узатишга улгурганди. Ака ичиб олиб унга телефон қилар, сиқилаётгани, қийналаётгани, отаси билан чиқиша олмаётганидан ёзғириб йиғларди.
— Яхшиям сен эрга тегиб кетгансан, мен нима бўлишимни билмайман, — дерди у.
2018 йил ҳайит байрами эди. Мирпўлат (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўша куни синглисини кўргани боради.
— Яна уруш-жанжалми? – ичидаги изтироб, оғриқни яширолмай акасининг кўкарган юзларига боқди Назира.
— Ҳе, қўявер, охири бир жойда тўхтар, сен ўзингдан гапир, тузукмисан?
— Тузукман…
Ўшанда Назира акасини сўнгги бор кўраётганини ҳаёлига келтирмаганди албатта.
Балки, Мирпўлат ҳам, ҳатто ота — Мираҳмад ҳам ўйламагандир бу ҳақда. Аммо ҳар гал боласини калтаклаганда «Бир кун сени қуритаман! Ўлдираман, қутуламан!», дея қайтарарди.
Ўша куни эса… Гўё у учун қулай фурсат бўлади.
2018 йил 27 август. Яна ичкиликдан алам олган Мирпўлат уйга келиб уйқуга кетади. Ишдан келган ота эса унинг ётишини кўрибоқ ғашланади.
— Эшакдай ичибсан-да!
Бола қаттиқ ухлаганди. Жавоб бўлмайди. Ота эса уни судраганча ҳовлига олиб чиқади. Чиндан ҳам кўп ичганиданми, ёки ғафлат балосимиди-ки, бола шунда ҳам уйғонмайди. Ота ҳовлида ётган кетмон дастасини олиб унинг тўғри келган жойларига бор важоҳати, кучи билан ура кетади. Салгина ингроқ товушини эшитиб, жаҳлдан тушиш, бироз ўзига келиш учун ҳаммомга кирган Мираҳмад юз-қўлини ювиб чиқади. Қарангки, қаршисида ётган боласи эмас, юз йиллик душманидек яна кўзига важоҳат тўлади ва темир каравот тагида ётган бошқа бир кетмон дастасини олиб қилмишини давом эттиради. Чарчаб, ҳолдан тойгунча, балки хумордан чиққунича дўппослаб уйига кириб кетади. Бу пайтда Мирпўлат қаро қонига ботиб борарди.
— Ошхонада ўзим учун таом тайёрладим, овқатландим, кейин ухлаб қолибман… (Отанинг суддаги кўрсатмасидан).
Ҳовлида бола жон талвасасида… У қандай ота эканки, томоғидан овқат ўтиб, ҳаловатда уйқуга кетса!
28 август тонги бу ҳовлида аза куни эди. Аммо ҳеч ким аза очмади. Кўзларини аранг очиб чиққан ота ўғлининг қўлларини келиб ушлади. Гўё совуқ ургандек муздек эди. Юзи, кўксини ушлаб кўрди. Фаҳми етди. У боласини ўлдириб қўйганди.
Йигирмага тўлган, бир оилани гулдек яшнатадиган, бахтиёр этадиган навқирон йигит шу тариқа жувонмарг бўлганди.
Мираҳмад мурдани йўқотишга аҳд қилади ва уйининг ертўласига икки соатлар мобайнида чуқур ковлаб битиради. Ўзи ётган уйнинг деворига қоқилган қизил духобани олиб чиқиб майитни ўраркан, уни ертўлага судраб кириб кўмиб ташлайди.
5 сентябрь.
Шу куни Мираҳмаднинг укаси Мухтор келин туширади. Одатда Мирпўлат бундай давралардан қолмасди. Қариндошларини яхши-ёмон кунларида доим бирга бўларди. Шу боисдир уни сўраган кўп бўлди. Мираҳмад ўғлини Тошкент вилояти Ғазалкент шаҳрига ишлагани кетганини айтади. Аммо қизи Назиранинг бу гапга ишонгиси келмасди. Чунки акаси қаерга бормасин, нимадир иш қилмоқчи бўлса ҳам синглисига ёриларди аввало. Тез-тез телефон қилиб турарди. Ўтаётган вақтлар эса унинг кўнглидаги хавотири, ёмон бир ўйни кундан-кун ошириб борарди.
Орадан бир-бир ярим ой ўтаркан, ертўладан келаётган бадбўй ҳид ҳовлини тута бошлайди. Бу эшикдан кирган ҳар қандай кишини шубҳага солиши мумкинлигини ўйлаган Мираҳмад яна бир ишни режа қилади. У ертўлани қалин қилиб цементлаб икки кун электр печи билан қуритади ва уйида боқаётган қуёнларини шу ерга олиб келиб қамайди. Гўё ёқимсиз ҳид қуёнларга тегишли бўлиши учун.
Инсоният жисми билан руҳияти орасида илоҳийлик борлиги чин. Руҳ танани тарк этсаю, токи тинч бўлмас экан, тириклар тинч бўлмайдилар. Шу маънода Назиранинг ҳаловати йўқолганди. Унинг тушларига акаси, онаси кирар, акаси «мени қутқар», дея ертўлани кўрсатарди. Гоҳида эса отасини қўлида пичоқ билан акасининг тобути ёнида кўрарди. Шу ҳолатда ҳам салкам бир йил юрди. Уйига келганда ҳам кўрган тушлари эсига тушар, бир гал юраги ортига тортиб ертўлага қараб қўйди.
— Ота акам қаерда? Нега телефон қилмайди? Мен қўрқиб кетяпман.
— Аканг Россияга кетибди. Хат ёзиб ташлаб кетибди.
— Қани ўша хат? — шошиб қолади Назира.
— Ёқиб юбордим.
Отасининг ўзини тутиши, ертўланинг цементлаб қўйилгани, яна кўраётган тушларидан ваҳимага тушган Назиранинг кўнглига ёмон ўйлар ўрнашиб олганди.
У кетди. Аммо Мираҳмаднинг кўнгли бесар, «Фалончининг ҳадиги чўпдан», деганларидек, қизини ертўлага қараб қўйгани юрагига ғулғула солганди.
Ота уйидан келган Назира тоғасининг хотинига кўнглидагиларни сочиб солади. Ичини кемираётган дард, шубҳалар ва уларни «боқаётган» айрим нарсаларни келтириб дод солади. Шундан сўнг ИИБга бориб, акасининг йўқолганлиги, отасидан шубҳаси борлиги ҳақида ариза қилади.
М. Асқаровни ИИБга чақиришаркан, у ўзини қўярга жой тополмай қолади. Ўша куни 2019 йил октябрь ойининг ўрталари эди. Мираҳмад ертўладаги цементни кўчириб у ердан ўғлининг жасадини кавлаб олади. Ўралган духоба аллақачон чириб кетган, майит ҳам бир аҳволда бўлгани боис қисилиб қолган оёқларининг тўпиғидан пасти узилиб тушиб қолади. Мурдани томга олиб чиқиб яширган М. Асқаров ертўлани текислаётиб узилиб қолган бармоқ, суякларни кўриб қолади ва уларни ҳам бир целлофан халтага солиб чиқади.
— Мушуклар тортқилайди, деб селофандаги бўлакларни кўчага, чиқинди ташланадиган жойга олиб бориб қўйдим. Эрта саҳар бирон қабристонга олиб бориб кўммоқчи эдим. Аммо эрталаб чиқсам чиқинди ташиш машиналари келиб олиб кетиб қолибди. (М. Асқаровнинг суддаги кўрсатмасидан).
Олиб борилаётган тергов ҳаракатлари М. Асқаровни тобора шошириб борарди. У нима қилаётганини идрок этмас, ёки қилмоқчи бўлганини уддасидан чиқолмас эди. Томига яширган ўғлининг жасади бир кун уни ошкор қилишидан чўчиркан, 2020 йил 14 февраль куни ярим тунда туриб уни қўшнининг томига олиб чиқиб яширади.
Бу орада боланинг на Ғазалкент, на Россияда эмаслиги аниқланади ва М. Асқаров гумондор сифатида ушланади.
Қинғир ишнинг қийиғи албатта чиқади. Шу маънода ношуд, нобакор отанинг қилмиши ҳам фош бўлди. 21 февраль куни қўшни томидан топилган жасад гўё сўзлагандек жиноятни фош этади.
М. Асқаров қора курсида ўтираркан, кўзларининг ёши тийилмайди. Қайдам, бу пушаймонликми, болага очилган мотамми ёинки, увол кетган умрларга ачинишми…
Суд уни умринг узоқ йилларини озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу жинояти учун қонун олдидаги жазо. Аммо пароканда оила, хазон бўлган умр, оталик олдидаги виждон азоби, жазоси ҳали олдинда. Нима бўлганда ҳам инсон эди у. Инсон эса ана шу азоб олдида ожиз, холбуки бунинг сабабчиси ўзи!
Бу каби қисмат эгаси бўлиб қолиш эса даҳшат! Ана шундан асранайлик, нафақат ўзимиз, атрофимиздагилар, маҳалладошларимизни асрайлик. Холбуки, лоқайдлик энг ёмон иллат, юқоридаги каби ҳолатлар эса жамият учун оғир ярадир.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти.