Бу қизиқ

“Ўлимдан бошқа барча касалликларга шифо” бўлувчи дорилардан эҳтиёт бўлинг!

Вилоятимизда салкам ярим асрдан бери ҳалол меҳнат қилиб, эл ичида катта обрў қозонган докторга қўнғироқ қилиб, оммавий ахборот воситалари орқали тинимсиз реклама қилинаётган дорилар ҳақида фикрини сўрадим.

-Авваламбор, биз беморларга тиббиёт соҳасида синовдан ўтган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дориларни тавсия қиламиз. Ундан ташқари, ҳозир тиббий дори-дармонлар савдоси катта бизнесга айланди. Бизнес табиийки кўпроқ фойда олишга ҳаракат қилади. Ҳақиқий дорилар ўрнига сохта дорилар  тайёрлаш, амалда беморга ҳеч қандай нафи тегмайдиган ва ишлаб чиқарувчи сифатида машҳур фармацевтика корхоналари номи қўйилиб қалбакилаштирилган, шунингдек, юртимизда беморларга тобелик келтириб чиқариш хавфи юқори бўлганлиги сабабли тақиқларган дориларни олиб кириш ва бошқа салбий иллатлар ҳам авж олмоқда.

Дори-дармонлар реклама қилинаяптими, демак ўша дорининг баҳосининг устига реклама ҳаражатлари ҳам қўшилади. Дори-дармонлар қанча кенг реклама қилинса шунча кўп сотилади. Бундан келиб чиқадики, дори ишлаб чиқарувчи беморнинг тузалишидан эмас, унинг кўпайишидан манфаатдор. Рекламани тарқатувчи эса реклама берувчининг кўпайишидан манфаатдор. Ҳар икки томон яъни дори ишлаб чиқарувчи ҳам, реклама тайёрлаб тарқатувчи ҳам беморларнинг тузалиб, касалликнинг тугатилишидан манфаатдор эмас. Шунинг учун реклама қилинаётган дориларни сотиб олишга шошилмасдан, шифокор ҳузурига бориб маслаҳат сўраган маъқул. Шифокор беморнинг аҳволини ўрганиб қайси дори унинг соғлигига тўғри келишини тавсия қилади.

Ижтимоий тармоқларда  гуруҳига янги аъзолар қўшганлиги учун пайнет қилишни ваъда қилаётган ва ҳаттоки диний таълим беришни мақсад қилиб, “савоб учун” кўпроқ аъзолар қўшишни сўраётган, аъзолари сал кўпайгач,  тинимсиз дориларни реклама қилаётган гуруҳларнинг мақсади беморнинг соғайиши эмас, рекламадан келаётган даромаддир. Дори сотувчилар эса тиббиётда қўлланилаётган дори-дармонлар кимёвий усулда тайёрланган бўлиб инсониятга фойдасидан кўра зиёни кўплигини улар сотаётган дорилар эса ўсимликлардан олинган бўлиб фақат фойдаси тегиши ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатишмоқда. Ҳаттоки улар кекса ёшдаги кишиларга ёшликдаги қувватни ато этадиган дориларни тавсия қилмоқдалар. Буни “синаб” кўрганларнинг кўпи ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, баъзилари эса юрак қон-томир касалликларига дучор бўлишмоқда.

Юрак хасталигига учраган танишим докторлар доимий истеъмол қилишни тавсия қилган дориларни тўхтатиб, Тошкентдан реклама қилинаётган  “ўлимдан бошқа барча дардларга даво” дорини олиб истеъмол қила бошлади. Орадан бир ҳафта ўтгач ўткир юрак хуружи билан касалхонага тушиб қолди, хайрият докторлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга улгуришди. Лекин бир умрга ногирон бўлиб қолди.

Ёши етмишдан ошган отахон простатитдан даволаниб юрарди. У ҳам телевизорда реклама қилинаётган “фақат гиёҳлардан тайёрланган табиий” дори капсуласини сал кам 200 АҚШ долларига сотиб олиб дори сотувчининг тавсиясига кўра даволана бошлади. Оқибатда аҳволи оғирлашиб касалхонага тушди. Докторларнинг саъйи ҳаракатлари туфайли аҳволи бироз яхшиланди.

Инсонларнинг ҳаётига хавф солиши мумкинлигини била туриб, пул учун амалда беморга ҳеч қандай наф бермайдиган дориларни сотиш ва сотишга ёрдам беришдан ортиқ тубанлик бўладими!

ОЛОВЖОН

Related Articles

Back to top button