Маданият

Имконияти чекланган фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди

Яқинда ижтимоий тармоқларда “Хўрланганлар ва унутилганлар” сарлавҳаси остида  видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда келтирилган ҳолат Сенат аъзолари томонидан назоратга олиниб, батафсил ўрганилди ҳамда фуқароларни қийнаётган муаммолар бартараф этилди.

Жумладан, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи фуқаро Ж.Ўразбаеванинг ногиронлиги бўлганлиги сабабли иккинчи қаватдан уй беришганлигидан норози бўлиб, қилган мурожаати жорий йил 8 июнь куни сенаторлар Н.Мухторова ва С.Суярова томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Натижада қуйидагилар аниқланди:

Ж.Ўразбаева 2018 йилга қадар МФЙ ҳудудидаги Гагарин кўчаси 29-уй 2-хонадонда яшаб келган. 2018 йил ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури доирасида муддати ўтган эски типдаги барак уйлар бузилиб, ушбу уйларда яшовчи оилалар, шу жумладан, фуқаро Ж. Ўразбаева ҳам “Мурувват” уйидан бепул уй-жой билан таъминланган.

Ж. Ўразбаеванинг турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етган фарзанди борлиги эътиборга олиниб, вақтинчалик иккинчи қаватдаги икки хонали бепул уй-жой берилган. Улар барча коммунал тўловлардан озод этилган.

МФЙ раиси томонидан бир неча маротаба иккинчи қаватдан биринчи қаватга кўчириш масаласи ёки “Боғбон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида кам таъминланган оилалар учун бир қаватли ижтимоий уйларга кўчиб ўтиш таклифи берилганда, фуқаро Ж.Ўразбаева рад этган.

Ўз ўрнида, фуқаро Ж. Ўразбаевага маҳаллий ҳокимият органи томонидан ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти, деб тарқатилган хабар асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ. Ўрганишлар давомида унга мунтазам равишда моддий ёрдам, озиқ-овқат ва ҳомийлик ёрдамлари берилиб келинаётганлиги аниқланди. Шунингдек, у тиббий кўрикдан ўтиши таклиф этилганда, рад этган.

Шунингдек, Ж.Ўразбаеванинг қизи А.Кенгесова “Ёшлар дафтари”га киритилган. Унга томорқа сифатида фойдаланиши ва даромад қилиши учун 0.50 сотих ер майдони ажратилган. Бироқ, фуқаро А.Кенгесова томонидан берилган ер майдонини олиш рад этилган.

Сенат аъзолари томонидан Ж.Ўразбоеванинг мурожаати алоҳида назоратга олинди.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида яшовчи К.Жумаевнинг етти ёшли қизи С.Мусурмонқуловани даволатиш учун моддий ёрдам ажратилмаётганиги тўғрисидаги ҳолат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов томонидан атрофлича ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида Жарқўрғон туман ҳокимлиги ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан бемор С.Мусурмонқулованинг биринчи жарроҳлик амалиёти учун 7 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилганлиги, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Болалар ортопедия бўлими томонидан 2021 йил 9 апрелда берилган касаллик тарихидан кўчирмада қайта кўрик бир ярим ойдан кейин бўлиши, бироқ иккинчи жарроҳлик амалиёти қачон амалга оширилиши белгиланмаганлиги аниқланди.

Жорий йил 7 июнь куни сенатор Б.Бўтаева К.Жумаев билан телефон орқали боғланганда, у қизини даволатиш учун Тошкент шаҳрига олиб кетаётганлигини маълум қилган.

Сўнг жорий йил 8 июнь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов К.Жумаев билан Тошкент шаҳрида Республика ихтисослаштирилган травматология илмий-амалий марказида учрашди. Унинг қизи С.Мусурмонқулова ва жарроҳлик амалиётини қилган шифокор билан суҳбатлашди. Шифокор томонидан С.Мусурмонқуловада иккинчи жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати шифокорлар томонидан аниқ эмаслиги маълум қилинди.

К.Жумаевга қизи С.Мусурмонқуловани реабилитация муолажаларини олиш учун Республика ихтисослаштирилган травмотология илмий-амалий марказига даволанишга ётишида сенатор О.Иминов томонидан амалий ёрдам кўрсатилди ва К.Жумаевнинг мурожаати назоратга олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button