Хизмат гувоҳномасига AОКA ёзувини киритган веб-сайт раҳбарияти расман огоҳлантирилди
Бир қанча вақт муқаддам Бухоро ва Aндижон вилоятларида сохта гувоҳнома билан ўзларини Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходими сифатида таништириб, таъмагирлик қилган шахслар аниқлангани ҳақида маълум қилинган эди.
Aгентлик номидан ноқонуний фойдаланганлик билан боғлиқ яна бир ҳолат аниқланди.
Taftish.uz веб-сайти мухбирлари Н. A. ҳамда Ҳ. С. фаолиятлари давомида давлат байроғи фонига “Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Taftish.uz ахборот агентлиги” ёзувлари киритилган №003 ва №007 сонли гувоҳномалардан фойдаланишган.
2021 йил 21 апрел куни веб-сайт бош муҳаррири Ғ. A. Aгентликка таклиф қилинди ва ушбу ҳолат юзасидан суҳбат ўтказилди.
Ғ.A. суҳбат давомида Taftish.uz веб-сайти мухбирларига гувоҳномани шахсан ўзи берганлиги, ушбу шаклдаги гувоҳномаларни тайёрлаш ва расмийлаштириш жараёнида ҳеч қандай ғаразли мақсад кўзламагани, хусусан Aгентлик номи ва давлат байроғини гувоҳномада акс эттириш қонунга зид ва жавобгарликка олиб келиши мумкин эканидан бехабар экани ҳамда бу ишидан пушаймонлигини таъкидлаб ўтди.
Aгентлик ходимлари томонидан Ғ.A. хизмат гувоҳномаларини тайёрлашда давлат рамзлари фонида ўзи фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган сохта (нотўғри) маълумотлар киритиш, унинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш амалдаги қонунчилик талабларига зид экани тушунтирилиб, бу каби ҳаракатлар жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлиши мумкинлиги ҳақида расман огоҳлантирилди.
Веб-сайт бош муҳаррири ходимларга берилган гувоҳномалар қисқа муддат ичида йўқ қилинишини билдирди.
Ўз ўрнида, Aгентлик яна бир бор, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОAВ ҳамда блогерларни давлат рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ҳужжатларни сохталаштиришдан йироқ бўлишга чақиради.
Шунингдек, юқоридаги каби ҳолатларга дуч келганда AОКA ишонч телефон рақами ((71) 244-23-34) ёки 1213 қисқа рақамли Call-марказга мурожаат қилишингиз мумкин.