Маданият

ШЎРЧИ ТУМАНИ ҲОКИМИ БАХТИЁР ХУДОЙБЕРГАНОВНИНГ 8-МАРТ ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ УЧУН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, Муҳтарама онахонлар ва азиз опа-сингиллар!

Халқимиз баҳорнинг беқиёс гўзаллигини мунис аёлларимизнинг гулгун чеҳраларига қиёслайди. Меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини ҳам азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз.

Бугун баҳорнинг биринчи ҳафтасида ҳаммамиз сабрсизлик билан кутадиган айни ана шу кунларда дилимиздаги энг эзгу тилакларни айтиш учун азиз оналаримиз, қадрли опа-сингилларимизнинг байрамини тантанали равишда нишонламоқдамиз.

Ана шу қутлуғ айём билан Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз хотин-қизларини чин қалбимдан табриклаш, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эҳтиромимни билдиришга рухсат бергайсизлар.

Ватанга, оилага, ҳаётга бўлган ишонч аввало – аёлга, онага эҳтиромдан бошланади. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади.

Дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгирлар гўзал табиатли оналар бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлини азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган.

Бу ҳақда гапирганда, аввало,  “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳикматли сўзларни яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Аёл Оллоҳнинг буюк мўжизасидир.

Ҳақиқатда ҳам “Аёл гўзал бўлса олам гўзал, Аёл бахтли бўлса бутун жамият бахтли бўлади” деган шиорнинг ҳаётимиз фалсафасига айланиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Бугунги ўзбек аёли Сенат аъзоси, раҳбар, санъаткор, тадбиркор, журналист, ҳуқуқшунос, жаҳон чемпиони, оила таянчи ва баркамол авлоднинг улуғ онасидир.

Биз энг гўзал чиройли нарсаларни аёл сиймосига ўхшатамиз, шу сабабли она Ватан деймиз.

Шундай экан ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат бор у ҳам бўлса “Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, фақат маърифатли аёлгина баркамол авлодни тарбиялайди”.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек “Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз” 

Оилаларимизнинг тинчи, фароғати ҳам, биз эркакларнинг хотиржамлиги ҳам, ҳаётимизнинг гўзаллиги ҳам, баракаси ҳам, айнан сиз билан.

Азиз ва қадрли опа-сингиллар!

Бугун бу ерга, мана шу муҳташам кошонага ташриф буюрган сиз, азиз оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимизни байрам билан яна бир карра чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Яна бир бор байрамларингиз муборак бўлсин!

 Шўрчи туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button