Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларни ва уларнинг яқин қариндошларини ҳимоя қилиш хусусида

2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилайди.
Хусусан, Ушбу қонуннинг 28-моддасида,коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларни ва уларнинг яқин қариндошларини ҳимоя қилиш ҳақида қоидалар белгиланган.
Хусусан, ушбу моддада;
“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлиги сабабли тажовуз қилишга, шунингдек иш берувчи томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборотни хабар қилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар бундай ҳуқуқбузарлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади” деб белгиланган.
Хулоса шуки, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат томонидан зарур чора-тадбирлар белгилаб борилаётгани коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судьяси М.Маликов




