Маданият

ТАРҒИБОТ ВА ТАШВИҚОТ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Термиз шаҳрида жойлашган маҳалла фуқаролари иштирокида ис газидан заҳарланиш каби бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, қиш мавсумида ёнғинга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, аҳоли хонадонларидаги табиий ва суюлтирилган газ баллонларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ис гази рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида хосил бўлади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50-60% гача ис гази бўлади.

Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, автоуловлар турар паркларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.

Ис гази организмнинг нафас йўллари орқали таъсир этади. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма — карбоксигемоглобинни ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир холатларда эса — аноксияга олиб келиши хамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

  • Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик;
  • Иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
  • Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • Газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • Ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • Ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)ни чала ёниши натижасида ис гази хосил бўлади.

Юқоридаги сабабларни келиб чиқишига йўл қўйманг. Ис газидан заҳарланишдан огоҳ бўлинг.

«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button