Тиббиёти энг илғор 7 давлат: улардан 4таси – Осиё мамлакатлари
Япония. Бу давлатда ўртача умр давомийлиги аллақачон 85 ёшдан ортиб кетган ва Японияни ҳақли равишда кексалар юрти деб аташ мумкин. Яна бир қизиқ факт – бу давлатда 100 ёшни қаршилаганлар 80 минг нафардан кўпроқни ташкил этади. Эътиборлиси, юзга етган 80 450 японияликдан 70 975 нафари (88 фоиз) – аёллардир.
Тиббиёт тизими касаллик профилактикасига ниҳоятда жиддий эътибор қаратади. Кўпчилик япон тиббиёти аҳоли учун бепул, деб ўйлайди. Аслида бу давлатдаги тиббий хизматлар анчагина қиммат. Аҳоли тиббий хизматларнинг 70 фоизидан ортиғини қоплаб бериши шарт бўлган тиббий суғуртага эга бўлишлари керак.
Германия. Немис тиббиёти жаҳон эталонларидан бири ҳисобланади ва дунёнинг аксарият давлатларидан беморлар шифо илинжида Германияга ошиқадилар. Тиббиёт жуда қиммат, аммо сифат ва натижалар бу жиҳатни четга суради. Реабилитация, кардиология, кардиохирургия, онкология каби соҳаларда бу давлат шифокорлари ҳар қандай ҳамкасблари билан беллаша оладилар.
Ўз аҳолиси учун тиббий суғурта тизими ишлайди ва фақат 10 фоизга яқин аҳолигина нодавлат суғурта компаниялар хизматидан фойдаланадилар. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги давлат суғурта тизимига суянган ҳолда даволанади.
Исроил. Яҳудийлар аниқ фанларда илғорликларини исботлаганлар. Бундан тиббиёт ҳам мустасно эмас. Тиббиёт туризми деган тушунчани индустрия даражасига кўтарган давлатлардан бири ва дастлабкилари қаторида Исроил туради. Онкология, микрожарроҳлик, қон томирлар жарроҳлиги, кардиохирургия соҳаларида бу давлат тиббиёти жуда илгарилаб кетган.
Ўз аҳолиси кўпчилик давлатлардаги каби тиббий суғурта асосида даволанади. Акси ҳам бўлиши мумкин эмас – ҳар қанча даромад қилмасинлар, зарур бўлганда тиббий хизматлар ҳар қандай тоифадаги фуқаролар учун қимматлик қилади.
Швеция. Скандинавиядаги бу давлат ўз фуқароларига тиббий хизматларни максимал даражада текин қилиб бергани билан мақтана олади. Солиқларни тақсимлашда соғлиқни сақлаш тизими энг биринчи ва улкан улушни олади.
Дунёнинг бошқа бирор давлатида учрамайдиган бир мисол – стоматологик хизматларнинг ҳам 19 ёшгача бепуллиги бу фикрнинг яққол исботидир. Яна бир жиҳат – ҳар бир дорихона умумий тизимга уланган ва дори харид қилиш истагида бўлган беморга оид барча маълумотлар дорихоналарда ҳам сақланиб қолади.
АҚШ. Дунёнинг энг қудратли давлати тиббиёти ҳам ўзига яраша. АҚШ кўплаб бошқа соҳалар сингари медицинага ҳам бутун дунёдан энг ақлли мутахассисларни жалб қила олиши билан эътибор қозонган. Шифокорлар бу давлатда жуда бой ва обрўли инсонлардир.
Суғуртаси бўлмаганлар тиббий тизимга жуда қиммат ҳақ тўлайдилар. Шунга қарамай дунёнинг энг бадавлат корчалонлари АҚШнинг етакчи клиникаларида даволанишни одат қилишган. Ўз фуқароларига эга эса турли тиббий суғурталар таклиф этилади.
Ҳиндистон. Албатта, аҳолисининг сезиларли қисми ҳали ҳам қашшоқ бўлган бу давлатда барча фуқаролар ҳам сифатли тиббий хизматга етиша олишмайди. Аммо сўнгги пайтларда Ҳиндистонда хусусий тиббиёт жадал ривожланмоқда ва тиббий туризмнинг асосий йўналишларидан бири айнан шу давлат бўлиб қолмоқда.
Операциялар сифати бошқа давлатлардан қолишмаслиги, нархларнинг нисбатан арзонлиги, қонунчиликдаги қулайликлар аксар ривожланаётган давлатлар, жумладан Ўзбекистондан ҳам йилига минг-минглаб беморларнинг бу давлатга ошиқишига сабаб бўлмоқда.
Сингапур. Осиёнинг бу митти шаҳар-давлатининг қатор бошқа соҳалар каби тиббиёти ҳам юксак ривожланган. Аҳолининг умр давомийлиги 84 ёшни ташкил қилади. Бу давлатда ҳар қадамда инсон ўз танасини соғломлаштириши учун имкониятлар бор – югуриш йўлаклари, велосипедлар, сузиш ҳавзалари, жамоавий машқларда шуғулланиш кўпчиликнинг одатига айланган.
Аммо энг муҳим жиҳат – давлатнинг тиббиёт тизими учун маблағни аямаслигидир. 2030 йилга бориб бу кичик давлатнинг тиббий бюджети 44 миллиард Сингапур доллари (30 млрд АҚШ долларидан ортиқ) бўлиши кутилмоқда.