Маданият

ҚАНДЛИ ДИАБEТИ БОР БEМОРЛАРДА НИМА УЧУН КОРОНАВИРУС ОҒИР КЕЧАДИ?

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза ТОҲИРОВА билан суҳбат.

— Аҳоли орасида қандли диабет кенг тарқалаётганининг сабаби нимада? Хасталикнинг илк белгилари қандай намоён бўлади?

— Қандли диабет хасталигининг бош сабаби соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик ҳисобланади. Жумладан, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик сабабли ривожланадиган ортиқча семизлик қандли диабетга бўлган мойилликни оширади. Диабет белгилари унинг турига қараб фарқланади.

Касалликнинг асосий белгилари қуйидагилар: доимий чанқоқлик, кунига уч литрдан кўп суюқлик ичиш, ҳожатхонага тез-тез эҳтиёж сезиш, иштаҳа очилса-да вазн камайиши, яраларнинг секин битиши, доимий чарчоқ ва хотиранинг пасайиши. Айрим инсонларда оёқлар оғриғи кузатилиши мумкин. Касалликнинг дастлабки белгилари кузатилгандаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак. Ҳар бир киши ўзининг танаси вазнини назорат қилиб бориши, унинг меъёрий кўрсаткичлардан ошиб кетишига йўл қўймаслиги лозим бўлади.

— Халқимизда кучли қўрқувдан қандли диабет келиб чиқади деган гап бор. Бу илмий исботланганми?

— Агар инсонда қандли диабетга мойиллик бўлса ва у кучли қўрқувни бошдан кечирса, бу инсонда қандли диабет бўлиш эҳтимоли бор. Инсон ҳаётда яшар экан, турли кутилмаган воқеаларга дуч келади, турли синовларни бошдан ўтказади. Сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, уйқусизлик, гипертония касаллиги ҳамда айрим дори препаратлари (никотин кислота, глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар) қандли диабет касаллиги пайдо бўлишида муҳим роль ўйнайди.

Ҳаёт давомида меъёрдан ортиқ овқат истеъмол қилиш ва энергияни сарф қилмаслик натижасида организмда энергия баланси бузилади. Одатдагидек сарф бўлмаётган энергия организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради. Бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб боради ва бу ҳолат углеводлар алмашинуви бузилишига олиб келади. Яъни, 2-тур қандли диабетнинг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатлик, нотўғри ва тартибсиз таомланишга боғлиқ.

— Қандли диабети бор инсонларда коронавирус инфекциясининг оғир кечишининг сабаби нимада? Бу хасталик иммунитет тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказадими?

— Қандли диабети бўлган инсонлар турли хил инфекцияларга мойил бўлади. Сабаби шакар микроблар учун озуқа моддаси ҳисобланади. Агар қандли диабети бор бемор қонида глюкоза кўп бўлса, коронавирус ушбу беморларда оғир кечади. Сабаби касалликда кузатиладиган «ситокинлар ҳужуми» учун шакар қувват манбаидир. Айниқса, тана вазни ортиқча бўлган қандли диабети бор инсонларда коронавирус оғир кечади.

Қандли диабетга чалинган беморлар коронавирусдан даволаниш баробарида, диабетни ҳам даволашда давом этиши лозим. Сабаби коронавирус жараёнида қанд миқдори ошиб кетса, бу оғир асоратларга олиб келади.

Текширувлар натижасида шу нарса аниқ бўлдики, коронавирус юққан пайтда иммунитетни сунъий равишда ошириб бўлмайди. Аммо витамин Д, С, Цинк ва магний каби витаминларни қабул қилиш тавсия этилади. Бу дорилар коронавирусни даволамайди, лекин улар иммунитетни бир маромда ушлаб туришга хизмат қилади. Одам организмида иммунитет меъёрда бўлиши учун бу витаминлар керак бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button