Жаҳон

Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари учрашув ўтказди

2020 йил 29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон ҳукумати раҳбари Қоҳир Расулзода билан учрашди.
Дастлаб ҳукумат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Бош вазири тожикистонлик ҳамкасбига илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини қайд этди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг мажлисида Олий даражадаги учрашувлар ҳамда ҳукумат раҳбарлари раислигида 2019 йил апрель ойида Термиз шаҳрида ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилишида эришилган келишувларнинг ижроси ҳолати кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ўзаро савдо ҳажми ўсиб бормоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда мазкур кўрсаткич 2,4 баробардан ошди. Пандемияга қарамай ўзаро товар айланма ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ортиб, 317 миллион долларни ташкил этди.
– Ўзаро савдо айланмаси мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмас, – деди А.Арипов. – Шу боис, Давлатларимиз раҳбарлари томонидан олдимизга яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларгача етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун барча имкониятларга эгамиз. Чунки, фойдаланилмаган улкан захиралар мавжуд.
Мажлисда шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, маданий-гуманитар ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши баёни имзоланди.

Related Articles

Back to top button