Бу қизиқ
Маланд қишлоғидаги сирли ғор
Маланд – Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги олис ва бетакрор манзараларга бой қишлоқлардан бири.
Туман марказидан 70 чақиримча узоқлик ва денгиз сатҳидан 2 минг 700 метр баландликда жойлашган.
Атрофи осмонўпар тоғлар билан ўралган қишлоқ одамлари дилкаш, меҳмондўст, ишанувчан ва очиқкўнгил. Характерида аксарият тоғликларга хос озгина тўпорилик, қатьиятлилик ва қайсарлик ҳам бор. Саломатлигу-ҳалол меҳнатни улуғ неъмат, мусаффо осмонни бебаҳо бойлик, лафзи ҳалолликни юксак фазилат, деб билади, маландликлар. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, қишлоқ беш асрлик тарихга эга.
Сариосиёда бўлганимда ҳамсуҳбатларимдан бири бу қишлоқ инсонлари, табиати ҳақида гапириб, тоғу-боғларини таърифлаб берган эди. Ўшанда фурсат топиб, Маландга келиш, баланд тоғлар қўйнида тўйиб нафас олиш ва зилол булоқ сувларидан ичиб, одамлари билан дилдан суҳбат қуришни кўнглимга туккан эдим. Яқинда, аниқроғи, олтин куз эшик қоқа бошлаган дам олиш кунларимиздан бирини шу қишлоқда ўтказдик. Сафаримиз таассуротларга бой бўлганиданми, тоғнинг тоза ҳавоси, турли шифобахш гиёҳлар ифори, ё муздек булоқ сувлариданми ишқилиб, танамиз енгил, руҳиятимиз янада тетик бўлиб қайтдик. Термизнинг тандирдек иссиқ тафтини унутгандек бўлдик.
Маланд бу – баланд, деган маънони англатади. Аслида ҳам тоғ қиялаб, тепаликка кўтарилаётган йўлдан олис қишлоққа назар ташласангиз, иморатлар осмонўпар тоғ чўққиларига туташиб кетгандек туюлади. Тўпаланг сув омборига яқинлашиб, чап тарафга бурилишингиз билан тоққа ўрлайдиган айланма тошлоқ йўл сизни мафтун эта бошлаган ана шу қишлоққа чамаси икки соатларда олиб боради.
Шомга яқин тоғ йўлига тирмашган “Дамас” машинамиз тунги соат ўнлар атрофида Маландга етиб келди. Биз қишлоқда энди ташкил этилган “MALAND travel” GUEST HOUSE оилавий меҳмон уйига жойлашдик. Меҳмон уйи соҳиби Бахтовар Холмирзаев билан Маланд ва маландликлар, бу ернинг табиати, одамларнинг турмуш тарзи ҳақида суҳбатлашдик. Тоғ чўққиларидан секин мўралай бошлаган ойни кузатдик. Бўлажак саёҳатимиз йўналишини белгилаб олдик.
Сурхондарёнинг олис ва тоғли ҳудудларидаги кўп қишлоқларда бўлганман. Қизиқиб сўрасангиз баъзи ҳудудларда ёшларни-ку қўя туринг, кексалар ҳам ўз қишлоғи тарихини яхши билмайди. Авлодлари ким, бу ер қачондан қишлоқ сифатида шакллланган, улар қандай касб, ҳунар билан шуғулланган, деган саволларга жуяли жавоб ололмайсиз. Сержило бу гўшада маландликларнинг оғиздан оғизга ўтиб келаётган ўз тарихини унутмагани бизни ҳайратга солди.
– Бош боболаримиз Самарқанднинг Боғишамол, деган жойидан кўчиб келган, – дейди қишлоқ нуронийси, 85 ёшдаги Абдураҳим бобо. – Бунга ҳам беш юз эллик йилдан ошибди. Улар чорвачилик билан шуғулланган. Тоғ бағридаги қияликларни ўзлаштириб, деҳқончилик қилган. Қарашсаки, чорва учун ҳам, деҳқончилик учун ҳам қулай жой. Ерларни ўзлаштириб, шу ернинг ўтроқи халқи бўлиб қолган.
Айтишларича, Маландда 500 га яқин аҳоли яшайди. Улар асосан чорвачилик, асаларичилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Бу қишлоқдан Сариосиё ва Узун туманларига кўчиб кетган кўплаб маландликларнинг ҳам ота-боболари умргузаронлик қилган тоғ қўйнида мевали боғлари бор.
Тўрт тарафи Хисор тоғ тизмалари билан ўралган сокин гўшада одамларнинг изланувчан ва меҳнаткашлигига ҳавас билан боқамиз. Томарқаларга турли сабзавотлар, кўкатлар ва мевали дарахтлар ўзгача файз улашган. Хонадонларга кирсангиз димоққа тоғ ялпизи ва жанбул ифори урилади. Томорқаларда картошка, помидор, болгар қалампири, ошқовоқ каби маҳсулотлар парваришланмоқда. Олма, нок ҳосили кўзни қамаштиради.
Ўтаётган йилнинг эрта баҳоридаги совуқ таъсирида ёнғоқларда ҳосил чўғи паст бўлгани шундоққина сезилади. Қишлоқ бўйлаб юрсангиз, тошли қияликларда турли ўлчамдаги ўнлаб полиэтилен қувурлар кўзга ташланади. Муздеккина оби-ҳаётдан бир қултум симирсангиз бас, бутун танангиз яйраб, чарчоқни унутасиз. Томорқалардаги зироатлар ҳам бир неча чақиримдан полиэтилен қувурлар билан олиб келинган булоқ сувларида суғорилади.
– Бу қувурларнинг ҳар бири тоғ тизмаларидаги битта чашмага уланган,¬ дейди йўлбошловчимиз, шу қишлоқдаги 78-мактабнинг география фани ўқитувчиси Бахтиёр Холмирзаев.– Мустақиллик йиллари полиэтилен қувурлар чиққач, жонимизга ора кирди. Булоқлардаги сувларни қишлоққа олиб келдик. Томорқаларимизни суғорамиз. Истеьмол қиламиз. Бу масалада муаммомиз йўқ. Мактаб ҳам қуриб беришди. 160 ўринли таълим муассасамизда 150 га яқин бола ўқийди. Замонавий компьютерлар билан жиҳозланган. Лекин, спорт залга эҳтиёж бор. Йўлларимиз бироз нотекис. Лекин, сайёҳлар учун таърифига тил ожиз.
Йўлбошловчимизнинг айтишича, қишлоқда сайёҳликнинг бир неча турини ривожлантиришса бўлади. Эко ва агротуризм учун жуда қулай. Экстремал ва тоғ туризмини йўлга қўйиш мумкин. Қишлоқ кўчаларидан тоғ тарафга юрар эканмиз, Б. Холмирзаев олма ва нокнинг бир неча тури билан таништириб, уларга таъриф беради. Ёши икки юз йилдан ошган ёнғоқ дарахтларини кўрсатади.
Йўл-йўлакай тоғ тизмаларида ўсадиган арча, заранг сингари дов-дарахтлар ва уруғи пишиб қолган турли зировар гиёҳлар ҳақида сўзлайди. Ҳали бу ерларнинг ўрганилмагани, Оғалак тоғ тизмасида йирик миқдордаги кўмир захираси борлигини айтади. Мирианжик, Зерик, Фаржид, Сарампаст, Муридканд тоғ тизмалари билан таништиради. Баланд чўққилардан бирига ишора қилиб, унинг этагидаги дарада жойлашган Хўжаибарғор ғорига таклиф этади. Қияликлардан аста-секин ўша тарафга пастлаётганимизда ғор ҳақида эшитган ривоятларини гапириб беради.
– Бир замонлар Хўжаибарғор дарасида оққан сув ана шу ғор орқали қаергадир ғойиб бўлар экан, – дейди Б.Холмирзаев. – Ўша даврда яшаган аждодларимиз сувнинг қаерга сингиб кетаётганини ҳеч аниқлай олмаган. Шундан сўнг оқсоқоллардан бири бир дона қип-қизил пишган олмани бир тишлаб, сувга ташлаб юборибди. Тишланган олма Хонжизанинг Нилу, деган жойидаги булоқдан чиқибди.
Нилуликларда бу олмани қаерда, ким тишлаб, сувга ташлади экан, деган қизиқиш пайдо бўлибди. Шундай қилиб, гурунглардан бирида маландлик оқсоқол ташлагани ойдинлашибди. Кўраяпсизларми, ўтмишда аждодларимиз қандай зукко, ақлли бўлган?! Сувнинг ғорга тушмаётганига бир асрдан ошиб кетган бўлсада, Нилудаги ўша булоқ суви ҳамон шарқираб оқмоқда.
Қизғин суҳбат билан дарага тушиб, афсонавий ғор ёнига келамиз. Дарада оқаётган муздек сув ғорни четлаб ўтмоқда. Дарадан чамаси бир ярим метр баландликда ғорнинг кичкина туйнуги бор. Бу ерда пўлатдан ясалган битта шамдон турибди.
Маландликларнинг одатига кўра, ғор бошида Қурьон тиловат қилингач, туйнукдан ичкарига бирма-бир мўраладик. Ичкари қоп-қоронғу. Фақат майин шабада димоққа урилади. Эсдалик учун суратга ҳам тушдик.
–Туйнукдан семиз, серсавлат киши ҳам, озғин инсон ҳам сиғади, –дейди шу ерлик Жумақул бобо Шукуров. – Табиатнинг изми билан дара суви ғорга оқмай қолгач, тиниб-тинчимаган аждодларимизда бу жой қизиқиш ўйғотган. Мана шу шамдонга олов ёқиб ичкарисига кирган. Бир пасдан кейин ҳов тепаликдаги туйнугидан чиқиб келган. Ғорга кирсангиз, ичкари кенгайиб боради. Ҳавоси жуда тоза.
Зинапоялардан баландга ўрласангиз, кенг супага чиқасиз. Айтишларича, шўролар замони бошлангач, қишлоғимиз эшонлари болаларга шу ғордаги супада диний сабоқ берган экан. Ғорга кириб, чиқишнинг андак қалтис тарафи бор. Ривоятларга кўра, қалтисроқ гуноҳи бор инсон бўлса, ғордан чиқишда сиқиб турар эмиш. Ўша одам шу ерга бирон жонлиқ атаса, кейин қўйиб юборармиш. Бу ғорга ўртоқларимиз билан кўп кириб, чиққанмиз. Бироқ, ана шу ривоятни эшитгач, айрим кишилар ғорга киришга иккиланиб қолади.
Дарадан қайтиб, йўл-йўлакай суҳбатлашиб келар эканмиз, Жумақул бобо яна бир гапни айтиб қолди:
–Қишлоғимиздан маландий тахаллуси билан шеьр ёзган шоирлар бор. Афсуски, тарихчи ёки археолог олимлар чиқмаган. Шу боисми бу жойларнинг тарихи, сиру-синоатлари ёзилмай қолган. Мана шу ғор ҳам мутахассислар томонидан ҳали ўрганилмаган. Аслида бу макон сайру-саёҳат ишқибозлари учун жуда мос, қизиқарли ҳудуд.
Одатда тоғ одамларининг бағри, кўнгли жуда очиқ, гурунглари ҳам самимий бўлади. Биз ҳам қишлоқда кўплаб шундай инсонлар билан танишиб, суҳбатлашдик. Бири қишлоқдаги шароитлар ҳақида гурунг берса, бошқа бирови тоғларни ва у ердаги ёввойи жониворларни таърифлади. Кимдир ўзининг ҳаёти давомида дуч келган қизиқарли воқеаларни биз билан баҳам кўрди.
–Узоқ йиллар Тўпаланг сув омбори қурилишида ҳайдовчилик қилиб, пенсияга чиқдим, – дейди Равзатулло Халилов. – Ҳаётимда кўп ғаройиб ҳодисаларни кузатдим. Келинг, меҳмон сизларга ҳам ана шундай воқеалардан бирини айтиб берай. Адашмасам, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири эди.
Чеховский деган киши раҳбаримиз, Захаров ва Сангиновлар у кишига ўринбосар. Баҳор пайти. Кунларнинг бирида тоғда шунақа ёғингарчилик бўлдики, сув омборда сув сатҳи кутилмаганда кўтарилиб кетди. Кўпчилик бўлиб дамбани кузатиб турибмиз. Раҳбарларимиз кимларгадир қўнғироқ қилиб, сув тошқинидан огоҳлантирди.
Аҳолини кўчириш чораларини маслаҳатлашди. Барчамиз хаёлан сув тошгач, ўзимизни қутқариб қолиш учун қулай жой излаяпмиз. Дамбадан сувнинг тошишига икки метрлар қолганда Абдуғани Сангинов зудлик билан битта ҳисори қўчқор олиб келтириб, дамбанинг бўйига етаклаб боришни айтди. Қўчқорни келтиришгач, бўғизлатиб, қонини сув омборга оқиздирди. Не кўз билан қарайликки, шиддат билан тўпланаётган сув секин чекиниб, дамбадан пасая бошлади.
Шунда бу ҳаракатларни жимгина кузатиб турган Чеховскийнинг юзи ёришиб, “Абдуғани сенга ҳам, сен ибодат қиладиган динингга ҳам тан бердик”, дея қичқириб юборди. Ҳозиргача Сангиновнинг хаёлига бундай фикр қандай келганини билмайман. Битта қўчқорни сўйдириб, сув омборда тошмоқчи бўлган сувни чекинтиргани кўз олдимдан кетмайди.
Эшитишимизча шу киши қишлоғимизга келадиган йўлни янада равонлаштириб бермоқчи экан. Агар бу иш амалга ошса бизнинг Маландимиз ҳам энг серқатнов, турли ҳудудлардан келган меҳмонлар билан гавжум қишлоқлардан бирига айланишига ишонамиз.