Инсонийлик масъулияти
Сиз хонада ўтирибсиз. Хонангизнинг эшиги ёпиқ. Эшикни кимдир “тақиллатди”… . Табиийки, Сиздан жавоб бўлди: “Киринг!” Хонага Сизга таниш ёки нотаниш одам кириб келди. Ўз ўрнида, Сиз ўтирган жойингиздан туриб, у кишини қарши олдингиз… (Ҳол-аҳвол сўрашишлардан сўнг) хонангизга кириб келган киши мақсадга кўчди – масаласини айтди. Албатта, Сиз, кўтарилган масала Сизнинг қўлингиздан келганда, унга ёрдам беришни жуда истардингиз, бироқ бунга иложингиз етмайди, яъни ваколатингиздан ташқарида бўлган масала бўлганлиги учун у кишини ушбу масала қўлидан келадиган масъул ходимга йўналтирдингиз… Инсонийлик масъулиятини адо этдингиз!
… Бу каби – кимнингдир иши бир-биримизга тушадиган вазиятлар ҳаётда кўп учрайди. Ана шундай ҳолатларда биргина бизнинг “муносабатимиз” кўп нарсани ҳал қилади. Буни биз кўп ҳолларда сезмаймиз, тафаккур қилмаймиз.
Аслида тафаккур қилиш – бу ҳам бир бахт! Бахт бўлганда ҳам шундай бахтки, инсон тафаккур орқали ўзлигини тарбиялаб боради. Тафаккур инсоннинг ич-ичидаги “инсонийлик дури” – Аллоҳ томонидан ато этилган “жон”ни сайқаллаб, унинг янада зиё таратишига хизмат қилади.
Ҳаётда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Албатта, бирон нарсага бирон нарса сабаб бўлади. Бу оддий физика қонуни! Шундай экан, кимдир биздан нимадир сўрадими, қандайдир масала юзасидан мурожаат этдими, демак, у бизга муҳтож!
Тафаккур қилайлик! Нега у бошқага эмас, айнан бизга мурожаат этди? Юқоридаги физика қонунига асосланган ҳолда айтадиган бўлсак, унинг бизга мурожаат этишида, албатта, у нимадандир таъсирланган, бизга мурожаат этиш кераклиги кўнглига келган. Айнан мана шу нуқтада Аллоҳнинг ҳамма нарсага қодирлик, ҳамма нарсани кўриб турувчи ва билувчи, ҳожатбарорлик сифатларини унутмаслик, аксинча, “Ҳамма нарса Аллоҳдан” деган оятнинг мазмунини идрок этиш лозим.
Бизга мурожаат этган киши Аллоҳнинг иродаси билан бизга йўналтирилди. Шунинг учун ҳам у биз ўтирган хонанинг эшигини “тақиллатди”.
Сўзимизнинг бошида келтирилган мисолда Аллоҳ бизни 3 та синовдан ўтказди.
У қандай синов?
Албатта, Сиз юқоридаги мисолда синовдан ўтдингиз. Мен эса йўқ!
Чунки эшик ортидаги одам ичкарида кайфиятим қандайлигидан бехабар эди. Шундай ҳолатда, аввало, мен ўзимни “қандай тутиш” синовидан ўтдим. Эшикнинг тақиллатилишига эътибор бермадим, биринчи синовдан ўтолмадим.
Албатта, у секин ичкарига қаради. Мен эса бепарво ўтиравердим ёки унга “ёвқараш” қилдим, демак иккинчи синовдан ўтолмадим.
Табиийки, у кишига менинг “қараш”им ёки қарамаслигимнинг фарқи йўқ, у салом бериб, менга нима мақсадда келганлигини айтди. Аввалбошдан муносабатга киришни истамаган одамимнинг мурожаати, гарчи уни қийнаб келаётган масалани ечиш қўлимдан келса-да, у ёки бу нарсаларни баҳона қилиб, уни тезроқ “кузатиш”ни истадим. Демак, учинчи синовдан ҳам ўтаолмадим.
Бу шундай синов эдики, муаммосини ечиш қўлимдан келган бир вақтда Аллоҳнинг ўзимга ўхшаган бир бандасининг умидсиз кетишига сабабчи бўлдим.
Мен кўп нарсани унутдим!
“… бузғунчилик қилмайман, шайтоннинг гапига қулоқ солмайман, одамлар билан ўртани бузмайман” деган ваъдамни унутдим…
шайтоннинг Аллоҳга берган “Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен улар (инсонлар)ни Тўғри йўлингдан тўсиб ўтираман” (“Аъроф” сураси 16-17-оятлар) – деган қасамини ва шайтоннинг ана шу қасамига жавобан Аллоҳнинг “Ушбу зиммамдаги тўғри йўлдир: Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир” (“Ҳижр” сураси 41-42-оятлар) – деган Ишончини унутдим…
Аллоҳ Одамни яратмоқчи бўлганда, фаришталарнинг “Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбеҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз” – деган эътирозларига жавобан Аллоҳнинг “Мен сиз билмаганни биламан” (“Бақара” сураси 30-оят) – дея инсон ҳақида ёмон ўйга бормаслик бўйича берган сабоғини унутдим…
Фаришталаргаки устозлик қилиб, оқ-қорани ўргатган, кейин бир оғиз кибрга берилиб, иблис номини олган шайтон хонамнинг эшиги тақиллатилганда, эшик секин очилиб, минг хижолат билан салом берилганда, уни қийнаётган, умидсизлигига сабаб бўлиб, ҳаётга қизиқишини сусайтираётган муаммоси айтилганда, йўлимни тўсди ва мени ҳарчанд ўйнатди: “эътибор қилма, ишинг кўп, чалғима…”, “қара, сурбетларча хонангга кириб келди. Сен кимсан-у, у ким?”, “қара, сурбетларча кириб келгани етмагандек сени ишдан чалғитиб, худди ўзининг уйидай ўз муаммосини сенга айтяпти. Ахир сенинг ҳам муаммойинг бор, сени ким эшитади?! Ишинг кўплигини айт, наридан бери жавоб бер-да, кузатиб юбор! Чарчагансан, дам ол!.. ”
Тан оламан! Шу ўйлар хаёлимдан ўтганди!..
Эсладим! Юқоридагилар билан бирга баъзи нарсаларни эсладим!
“Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам, кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам, кўрадир” (“Зилзила” сураси 7-8-оятлар) – деган Аллоҳнинг ваъдасини эсладим…
…
… эсладиму у кишини изладим…, ўйладим: нима қилди экан? Муаммосини ҳал қилдими?.. Энди кеч!
Йўқ! “энди кеч” эмас. Бу ҳам шайтоннинг найранги! Энди кеч эмас. Фақат келгусида шу хатони такрорламасам, бас!
Тушундим! Шуни тушундимки, сиз ўйлаётган, сиз кимгадир айтишга чоғланаётган ёки шу ишни қилишга ундаётган ўй агар сизга нисбатан кимдир томонидан айтилса ёки қилинса, сиз эса бундан кўнглингиз кўтарилса, хурсанд бўлсангиз, демак бу Раҳмоний ўй, айтинг ва бажаринг!
Агар сиз хафа бўлсангиз, дилингиз озор чекса, буни зинҳор айтманг ва қилманг! Бу шайтон йўриғидир! Бундай ҳолатда ёмон ўйга бормаслик кераклиги Аллоҳ томонидан “Мен сиз билмаганни биламан” – дея таъкидланган инсонга озор беришингиз мумкин.
Инсон доим мана шу икки ўй орасида руҳий талошда юради. Инсонийлик масъулияти эса шу икки ўйдан инсониятга фойдаси тегадиганини танлашни ўргатади, ҳаётга ҳикмат кўзи билан қарашга ундайди.
… Узр! Хонамнинг эшигини кимдир тақиллатяпти.
Олимжон Севаров