Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш учун жазо муқаррар

Маълумки, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жамият ҳаёти учун катта хавф юзага келтиради.
Бироқ, ушбу каби иллатлардан ўзини тия олмаган шахслар ҳам учрамоқда ва уларга қонундаги жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.
Масалан, фуқаро А.Қ Тожикистон Республикаси фуқароси билан танишиб, у билан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний контрабандаси ва савдоси билан шуғулланиш бўйича олдиндан жиноий тил бириктириб, ўша вақтда қисми ажратилган шахс томонидан Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига контрабанда қилиб ўтказилган 1 кг. оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотилганидан сўнг пулини бериш бўйича келишиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини харидор топилгунига қадар ўзининг уйига яшириб қўйган ва 2023 йилда ўтказилган тадбир давомида оқ рангли полиэтиллен пакетга солинган 3 дона юмалоқ шаклдаги, ўзига хос ўткир ҳидли, тўқ малла рангли, ташқи кўринишидан “гашиш” гиёҳвандлик воситаcига ўхшаш моддани Денов туманида “шартли харидор” сифатида киритилган шахсга 27.500.000 сўмга сотишга келишиб, ушбу пулларнинг 21.000.000 сўмини олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Апелляция инстанциясининг ажримига кўра, А.Қга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми ва 28,246-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 59-моддасига асосан узил-кесил 10 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияларининг ажрими билан ушбу суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Хулоса шуки, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




