Маданият

Сайёр қабул бугун Сариосиё туманида ўтказилди

Бугун Сариосиё туманида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўринбосари, Бош прокуратура, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари ва марказий давлат органлари раҳбарлари томонидан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабул карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилди, ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик препаратлар билан зарарсизлантирилиши мутахассислар томонидан назорат қилинди.

Сайёр қабулга Шўрчи, Денов, Сариосиё ва Узун туман фуқаролари ўзлари дуч келаётган муаммолар ечими ҳақида мурожаат этдилар. Жуда кўп фуқаролар муаммоси шу ернинг ўзида ечилди. Қўшимча ўрганиш зарур бўлган мурожаатлар тегишли ташкилот раҳбарларига топширилди ва ечими ижобий ҳал этилганлиги ҳақида мурожаат муаллифи томонидан  хабар бериш тушунтирилди.

Шўрчи туманидан мурожаат билан келган бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашдик. Улар мурожаатлари ижобий ечим топганлиги ҳақида сўзлаб берди.

-Мурожаатимизни кўриб чиқиш вилоят ҳокими Т.Боболовга топширилди, ҳоким мурожаатимизга шу жойнинг ўзидаёқ ижобий жавоб берди. Биз Республика раҳбарларининг ташрифидан хурсанд бўлиб қайтмоқдамиз. Фақат битта илтимосимиз шуки, сайёр қабул ўтказилиши ҳақида ўз вақтида расмий хабар бериб борилса яхши бўларди. Бугунги қабул Қумқўрғон тумани “Жанубий Сурхон сув омбори” маъмурий идорасида ўтказилиши эълон қилинган эди. Лекин Сариосиё туманига кўчирилибди, бу ҳақда шу туманда яшовчи танишларимиз орқали хабар топдик. Шўрчи туманидаги Халқ қабулхонасига сайёр қабул қаерда ўтказилиши ҳақида сўраганимизда, у ерда сайёр қабул тўғрисида хабари йўқлигини айтишди. Худди шундай жавобни Қумқўрғон туманидан ҳам олдик. Сайёр қабул ҳақида тумандаги Халқ қабулхонаси раҳбарлари бир ҳафта олдин хабар берганларида мурожжат этувчилар биз каби Қумқўрғон туманига, ундан Сариосиё туманлари орасида сарсон бўлиб юрмасди,-деди Шўрчи туманидан  келган тадбиркор аёл.

Ўйлаймизки, жойлардаги  Халқ қабулхоналари раҳбарлари аҳолининг бу таклифини эътиборга оладилар.

Оловжон

Related Articles

Back to top button