Сурхондарёда юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланди
Сурхондарё вилоят Денов шаҳрида вафот этган бир нафар беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Маълум бўлишича, Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган марҳум бемор Б.Х. сўнгги 5 йилдан буён икки томонлама ўпканинг ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор (аёл) мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Шифохонада беморга “Икки томонлама ўткир бронхопневмония. Ўткир юрак ва ўпка етишмовчилиги оғир даражаси, коронавирус инфекциясига гумон” ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, беморда “Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, сурункали пиелонефрит, камқонликнинг ўрта оғир даражаси” ёндош касалликлар ташхиси ҳам қўйилган.
Беморга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.
Республика санитария-эпидемилогик осойишталиги агентлигининг махсус референс лабораторияси хулосасига кўра, марҳумдан олинган намунада коронавирус инфекцияси тасдиқланган. У билан мулоқотда бўлган оила аъзолари, яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий карантинга олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда.