Hodisalar

21-июн куни Ер юзи аҳолиси Ҳалқасимон Қуёш тутилишини кузатишлари мумкин

Шу йилнинг 21-июн куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – Ҳалқасимон Қуёш тутилишини кузатишлари мумкин. Ушбу тутилиш тўлиқ шаклдаги Ҳалқасимон тутилиш ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Қуёш юзасининг 99,4 фоизини ташкил қилади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 38 секундга тенг бўлади. Бу ҳақда Фанлар Академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти хабар берди.

Ушбу астрономик ҳодиса Африка, Арабистон ярим ороли, Евроосиё, Япон ва Малай архипелаги ҳамда Австралия ҳудудларида жойлашган 111 та давлатда кузатиш мумкин.

Бу давлатлар ичида (Конго Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Марказий Африка Республикаси, Судан, Жанубий Судан, Эфиопия, Саудия Арабистони, Эритериа, Яман, Уммон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Тайван) 14 та давлат аҳолиси тўлиқ шакилдаги Ҳалқасимон Қуёш тутилишини кузатиш имконига эгалар.

Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 10:01 да бошланади, максимум фазаси эса 11:24 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 51% ини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 68° ни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 49 дақиқани ташкил этади. Соат 12:51 да Қуёш тутилиши якунига етади. Ушбу қийматлар фақат Тошкент шаҳри учун ҳисобланган бўлиб, тутилишнинг бошланиши, максимал қиймати ва тугаши юртимизнинг бошқа ҳудуларида ҳам шунга яқин вақтларда ва қийматларни акс этган ҳолда юз беради.

Ҳалқасимон Қуёш тутилиши деб Қуёш юзасининг маркази Ой томонидан тўсилганида соя атрофида инҳгичка ёруғ ҳалқа ҳосил бўлишига айтилади. Қуёш тутилишининг ҳалқасимон бўлиши Ой ва Ер орасидаги масофанинг одатдагига нисбатан каттароқ бўлиши билан изоҳланади. Ой Ерга қанчалик яқин пайтда тутилиш бўлса Қуёшнинг шунчалик катта қисми тўсилади.

Related Articles

Back to top button