Ўзбекистон техникаси Мақтааралда чигит экмоқда
Мақтаарал туманида сув босган экин майдонларини аслига келтириб, чигит экиш ишлари бошланди. Шу мақсадда Мақтаарал туманига Ўзбекистон Республикасининг Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан 40та махсус техника ва 243,6 тонна чигит етказилди. Улардан 15таси чизель агрегати бўлса, 11таси эгат орасини юмшатувчи ускуна, 14таси уруғ қадайдиган (сеялка) трактор.
Туман ҳудудига кирган техника ҳозир суви тортилган далаларда деҳқонларга ёрдамлашиб, чигитни қайтадан экиб бермоқда. Масалан, Ж. Нурлибаев қишлоқ округига қарашли Қарақир аҳоли манзилидаги “Жаманқул” деҳқон хўжалиги Ўзбекистон техникаси билан 7 гектар майдонга чигитни қайтадан экиб улгурди.
– Сув босган 7 гектар майдонга чигитни қайта экиб чиқдим. Қўшни биродарлар техникадан ташқари, ёнилғи, юқори навли чигитини ҳам бепул беряпти. Бу талафот кўрган биз каби деҳқонларга катта мадад экани сўзсиз, – дейди “Жаманқул” деҳқон хўжалиги аъзоси Жандўс Сапархан.
Айтганча, тошқиндан туманда жами 7 минг 500 гектар экин майдони зарар кўрган. Шундан 5035 гектари Жанажўл қишлоқ округига тегишли. Ўзбекистон техникаси аксарияти айнан ўша қишлоқ округига ажратилган. Бундан ташқари, Енбекши қишлоқ округига қарашли Жанатурмус ва Жантақсай аҳоли манзилларидаги 113,31 гектар майдонга ишлов бериш учун ҳам Ўзбекистон техникаси бўлинди. Шу билан бирга Ж. Нурлибаев қишлоқ округига қарашли Қарақир аҳоли манзилида 61,8 гектар майдонга чигит қайтадан экилмоқда.
– Қўшни элдан келган техникага талаб кун сайин ортмоқда. Сабаби, деҳқонлар сув босган майдонларга май ойининг охирларига қадар чигит экиш мумкинлигини яхши билишади. Шу боисдан улар куну тун тинмай, экин майдонларига ишлов бермоқдалар. Бир суткада тахминан 100 гектардан зиёд майдонга ишлов берилиб, пахта экилмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг мутахассиси Жарқинбек Мирзалиев.