Hodisalar

ДХХ Сурхондарё ва Қашқадарёда 62 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддани мусодара қилди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ўтказган тезкор тадбирлари натижасида 62 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддани мусодара қилди.

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Тожикистон Республикасидан катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси контрабанда йўли билан олиб ўтилиб, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг “Сарижар” маҳалласи ҳудудига яшириб қўйилганлиги тўғрисида олинган маълумот асосида тезкор тадбир ўтказган.

Натижада воқеа жойидан 61 кг 838 гр. “гашиш” гиёҳвандлик моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур гиёҳванд модданинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи 1987 й.т. Акмал Ўрунов бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина Ғузор туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди. Текширув жараёнида автомобилнинг мотор қисмига яшириб қўйилган 506 гр. “гашиш” ҳамда 236 гр. “опий” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида олинди.

Аниқланишича, Ўрунов ушбу гиёҳванд моддаларни Тожикистон Республикасида яшовчи «Хуршид» исмли шахсдан 4500 АҚШ долларига сотиб олиб, контрабанда йўли билан мамлакатимизга ўтказган ва уни келгусида сотиш мақсадида Қарши шаҳрига олиб кетаётган бўлган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 62 кг 344 гр “гашиш” ва 236 гр “опий” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят rодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Related Articles

Back to top button