Маданият

ХIХ асрнинг 2-ярмида Сурхон воҳасида қишлоқ аҳолиси қандай яшаган?

ХIХ асрнинг 2-ярмида Бухоро амирлигининг Денов ва Шеробод беклик(1885-1886 йил)ларида йирик деҳқонлар қўзғолони бўлди. Деҳқонлар закот ва чорвадан олинадиган солиққа норозилик билдирдилар. 1868 йили Бухоро амири Музаффархонга (1855-1885 йиллар) қарши Деновда йирик халқ ҳаракати бўлиб ўтди, натижада қўзғолон шафқатсизларча бостирилди. Турли хил солиқлар ҳаддан зиёд кучайиб, маҳаллий амалдорларнинг халққа жабр-зулм қилиши кучайиб борди. Шеробод беги Содиқбекбий ва қози мулла Абдураҳимнинг тан олишича, нарх-наво ниҳоят даражада юқори эди. Бек 1манн буғдой 18 танга, 1қўй 12 танга баҳоланганини орадан бир ҳафта ўтиб 1манн буғдой 16 тангага, 1қўй 11 тангага нархи кўтарилганлиги тан олинган. Бухоро амирлиги Қушбеги маҳкамасининг ҳужжатларида Денов беклиги солиқ харажатлари ҳосил йиғимига нисбатан 15 фоиз юқори белгиланганлиги, Шеробод беклигида 5 манн буғдойдан 1 манн беклик фойдасига олиниб, ҳосилнинг 5 дан 1 қисми беклик хазинасига топширилган умумий харажатнинг 10 фоизи беклик манфаатларига, 8 манн буғдойдан 4-манн қолган турли харажатларга олиб қўйганлиги натижасида халқнинг аҳволи ниҳоятда қашшоқлашиб қолган эди.

Денов ва Шеробод бекликларида ХIХ асрнинг 80-йилларидаги солиқ турлари Қушбеги ҳужжатларида алоҳида белгиланган бўлса-да, солиқларга беклар томонидан маълум ўзгартишлар киритилар экан. Булар боғ солиғи, мева солиғи бўлиб, 1 таноб ер 18 танга миқдорида белгилаб қўйилган. Шеробод туманида боғ ва чорбоғлардан олинадиган солиқ 1 таноб ер учун 13 танга, 1 таноб беда учун 6 танга, 1 таноб полиз маҳсулотлари учун 12 танга қилиб белгиланган. Бироқ амлакдорлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, Қушбеги ҳужжатларига амал қилмасдан 1 таноб боғдан 26 танга, 1 таноб бедадан эса 12 танга солиқ олганлар. Солиқларнинг тури ХIХ асрнинг 50-80 йилларида ҳаддан зиёд кўпайиб қуш пули, капсан солиғи каби солиқлар амалда бўлган. Ҳар бир ботмон ҳосил учун 1 минг пуд (32 фунт) ва чорак ҳисобидан солиқ олганлар. ХIХ асрнинг 80-йилларида Шеробод беклигида ҳар 10 ботмон ҳосилдан 5 грабил буғдой (ер солиғининг бир тури экин экилишдан олдин олинган) солиғи олинган. Шеробод вилоятида 5 грабил буғдой (5 пуд буғдой) ҳар бир 10 ботмон буғдой ҳосилдан олинган. Шеробод беклигида энг ачинарлиси шуки, белгиланган солиқдан 10 баробар кўп солиқ олинганлиги ўша давр ҳужжат ва манбаларида тасдиқланган. Шеробод беклигидаги солиқлар ва умуман, солиқ ишлари ва ҳужжатлари тўғрисида мулла Мир Имодадин амирликка маълумот берган ҳужжатлар ҳозир ҳам мавжуд.

Бухоро амирлигининг Шарқий бекликларида ва қишлоқларида ХIХ аср охирида даруғона, яъни маҳаллий беклик ва унинг атрофидаги амалдорлар учун йиғиб олинадиган солиқ бўлиб, шу йиғиб олинган солиқлар ҳисобидан закот олинган. Бу солиқ Шеробод беклигида 100000 тангага, Денов беклигида 75 минг тангага, Шўрчида 50 минг танга ҳисобидан йиғиб олинган. Шеробод, Бойсун ва Денов бекликларида ХIХ асрнинг 2-ярмида ўтин пули, қамиш пули, сув пули, чўп пули, тўй пули, даллол пули, муроб пули, амина пули каби турли хилда солиқ турлари бўлган. Бундан ташқари сўйиш пули, яъни 1 қўй 20 танга, 2 эчки 28 танга ҳажмида белгиланган экан. Шунингдек маҳаллий бой оқсоқоллар меҳмон рамзи учун муштак солиғи ҳар бир деҳқон олган ҳосилдан 1 чора (2 кг) ҳосил солиғи берганлар. Шарқий Бухоро бекликларида мактаб пули алоҳида ажратилиб, ота-оналар фарзандларининг ўқиши учун ўқитувчиларга Қушбеги ҳужжатлари асосида 15-20 танга тўлаши қайд этилган. Шеробод бегининг мактаблар бўйича бошлиғи мулла Мансур мактаб пулини ҳар ойга 20 танга ҳисобига белгилаган. Бу эса ўша даврда фақатгина амалдор бой ёки фақат оқсоқолларнинг болаларини ўқитиш учун имконият яратилган эди. Ўз навбатида бекликларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий мудофаа қобилиятларини мустаҳкамлаш учун турли хил солиқлар йиғиб олинар эди. Масалан, ариқ пули, тегирмон пули, майса пули, андоз пули ва ҳашар йиғими буларга мисол бўла олади. Масалан, Шеробод беклиги мулласи Исомиддин амирга ёзган арзномасида Шеробод беги ва амлакдорлар халққа ҳаддан ташқари зулм ўтказаётганлиги ва ҳашар ниҳоят даражада кўпайиб кетганлигини қайд этади.

Солиқлар ичида харажат пули амирлик ва беклик ишларига жалб қилинган, яъни суғориш иншоотларини қайта таъмирлаш ишига 1-2 танга ҳисобида солиқ тўланган. Йўлларни таъмирлаш, сув қирғоқларини таъмирлаш учун 11 танга ҳисобида солиқ олинган. Бекликлар ҳисобида ҳар бир ҳовли йўлдан фойдаланганлиги, юк ташиганлиги, кўмир ?ққанлиги, ун ташиганлиги ва бошқа хил ишлар учун белгиланган солиқлар тўлаб борган. 1885-1886 йилларда Шеробод бегининг қозиси мулла Исомиддин Бухоро амирига ёзган ҳисоботида Шеробод беги Содиқбекбий ўзининг ўғиллари ва ака-укаларига амлакдорлик мансабларини бўлиб бериб, боғларни ва экин майдонларини ўз ихтиёрларига олиб қолаётганлигини ёзган эди. Солиқлар ҳисобида йиғилган мол-мулкни Содиқбекбий ўз ихтиёрига ўтказганлиги ҳодисалари ҳам ҳисоботда тўкис қайд этилган эди. Шунингдек, қози мулла Исомиддин ахборотида 4 манн буғдой солиғи ўрнига Шеробод беги Содиқбекбий мутлақо тап тортмасдан ўзбошимчаларча 8 манн буғдой солиқ олишни қўллаётганлиги ҳам ўз аксини топган эди. Бундан ташқари Қушбеги ҳужжатларида қайд этилган бошқа солиқ турлари ҳам белгилангандан кўп олиниши ахборотда айтиб ўтилган эди. Ушбу арзномани тасдиқлайдиганлар: Дўстёр ҳожи, Неъмат оқсоқол, Муҳаммадқул, Беган оқсоқол, Абдураҳмон, Саид Муҳаммадбой ва бошқалар. Ахборотноманинг натижалари Қушбеги назорат текширув даврида солиқ олиш ва юритиш ишлари бузулганлиги, белгиланган ҳар бир таноб ердан олинадиган солиқ юқори бўлганлиги, амлакдорликлар томонидан халқни талаш кўчайганлиги тасдиқланган. Худди шу ҳолат Бойсун беклигида ҳам бўлиб, деҳқонлар турли хил оғир солиқларга тортилганлиги баъзи ҳужжатларда қайдини топган. Поён-Тоши раҳбарлигидаги 6 та деҳқон боқи пули, капсан ва бошқа солиқларни нотўғри олинганлигини асослаб берган. 1885 йил 10 октябрда Шеробод беклиги ёзган арзномасида Бек ва амлакдорларни халққа ўтказаётган зулми солиқнинг ҳаддан ташқари кўплиги тўғрисида фикр билдирган эди. Бироқ Амир ушбу арзномага жавоб бермагач, 1885 йил бошида деҳқонлар солиқ тўлашдан бош тортдилар. Деҳқонлар қўзғолонини қишлоқлардаги ўрта ва қуйи амалдорлар ва ўзига тўқ деҳқонлар ҳам қўллаб-қувватлади. 1887 йилда деҳқонлар солиқларнинг ниҳоятда кўплиги ва улар томонидан қилинган арзномалар бажарилмаганлиги туфайли уй-жойларини ташлаб кетдилар. 1885-1886 йилги деҳқонлар қўзғолони шафқатсизларча бостирилди, беайб деҳқонларларга ташланиб, мол-мулки ва ерларни тортиб олиш натижасида деҳқонлар ўз жойларини ташлаб кетишини янада кучайтирди. Масалан Шеробод беклигидаги кўплаб деҳқонлар Сурхондарёни қуйи оқимидаги Солиҳобод ҳудудига кўчиб келди. 20 деҳқон хўжалиги эса Сурхондарёни қуйи оқимининг чап қирғоғидаги Янгиариқ ҳудудига келиб жойлашди. 1892 йил Жарқўрғон ҳудудидаги деҳқонларнинг аксарият кўпчилиги Қабодиён ҳудудига умуман кўчиб кетади.

Шеробод беклигидаги қўзғолоннинг келиб чиқишига сабаб, солиқларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетганлиги эди. 1885 йил 31 октябрда Шеробод беклигининг тоғли Даҳпаракент қишлоғида тоғликлар солиқ тўлашдан бош тортиб Бухоро амирига ўз арзномаларини жўнатдилар. Деҳқонлар томонидан ёзилган ушбу арзномани қуйи табақадаги амалдорлар қўллаб-қувватлаб амлакдорларни, хўжайинларнинг ноинсофлигини қайд этган эди. Деҳқонларни солиқ тўлашдан бош тортганлигини билган Бек солиқлардан олинаётган ҳақни пасайтиришга ваъда берди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгач, Бек ва унинг амалдорлари яна солиқни кўтариб юбордилар. Натижада деҳқонлар яна бундан норози бўлиб 30-40 кун солиқни тўламадилар. Деҳқонларнинг арзномасини ўрганиш учун Бухородан Амирнинг махсус вакили Бобожон жувачи Ясовул Шерободга келди. Шеробод беклигининг вакили Абдужалил парвоначи Бухородан келган вакил билан келишган ҳолда Шерободдаги деҳқонларнинг ҳақиқий аҳволини Амирга хабар қилмади. Шеробод беги ва қозиси томонидан олиб борилган ишлар ва унинг натижасини қайд этган ҳисоботларни тўғри деб топганлар. Бек ва қози Амир номига ёзган тушунтириш хатларида деҳқонлардан олинган солиқлар белгиланган қонуний кўрсатма асосида бажарилмаганлиги таъкидланган.
Шундан кейин деҳқонлар 6 кишидан иборат Амирга арзнома жўнатдилар. Ўз арзномаларида Амирнинг вакили Бобожон жувачи ясавул Шеробод беги ва амлакдорлар билан келишган ҳолда деҳқонларнинг арзномасига қулоқ солмаганлигини, солиқларини қайта кўриб чиқмаганлиги таъкидланган эди. Деҳқонларнинг арзномаси асосида ўтказилган иккинчи текширишида бек ва қози томонидан йўл қўйилган хато- камчиликлар, амлакдорларнинг деҳқонларни солиқ тўлашга мажбур қилган ғайри қонуний ҳаракатлари аниқланиб, ўз тасдиғини топади. Шеробод беги ва қозиси Амирга ёзган хатида мулла Нурали оқ соқол ва унинг атрофидаги аризачи деҳқонлар аҳоли ўртасида махсус исён уюштиришга ҳаракат қилаётганлиги, бу эса Амир ҳокимиятига хавфли эканлиги таъкидланади. Натижада арзнома ёзганларнинг бир қисми қамоққа олинди, бундан фойдаланган маҳаллий амлакдорлар деҳқонларни солиқ тўлашга мажбур қилиб, уларни мажбурий ишларга жалб қила бошлади. Бухоро амири Музаффархон даврида деҳқонлар томонидан қилинган арзномалар кўп ҳолатда эътиборсиз қолар эди.

Амлакдорларнинг виждонсизларча нотўғри, ортиқча солиқлар олиши, халқнинг тинка-мадорини қуритиши натижасида Амирга арзномалар ёзиш кўпайиб борди. Бухоро амири деҳқонларнинг илтимосига биноан Саидназарбек қоровул бегини Деновга текшириш учун жўнатди. Саидназарбек қоровул билан биргаликда Қози мулла Мир Имомиддин ҳам тафтиш ишларини олиб борди. Назоратчилар Денов беглигининг Қизил шоҳ, Ҳайрабод ва бошқа қатор қишлоқлардаги аҳволни текширишди. Мир Имомиддиннинг Амир номига ёзган ҳисоботида 1000 дан ортиқроқ арбоблар, оқсоқоллар ва деҳқонлардан сўров олганлиги, халқ ҳаддан ташқари қашшоқлашиб, оғир аҳволда қолганлигини, Амирлик томонидан тасдиқланган солиқ ҳужжатларига амал қилинмаганлиги қайд этилди. Оммавий деҳқонлар ҳаракатига арбоблар, оқсоқоллар ҳам иштирок этдилар, бунинг асосий сабаби қуйи табақадаги амалдорлар ҳам солиқдан ниҳоят даражада норози эди.
Деҳқонлар ҳар бир қўш ҳайдаладиган ер учун 22 танга қўш пули тўлаётганлиги, Деновда бир йилда бир неча марта солиқ олинганлиги қайд этилди. Қози мулла Мир Имомиддин ҳар бир манн буғдойдан 40 фунд солиқ олинганлиги бу эса белгиланган солиқдан 15 баробар кўп эканлиги таъкидланган. Мулла Амир Имомиддин текшириш даврида Сагубардор ва Мушрифон солиғини ҳам юқори миқдорда кўп миқдорда олинганлиги тўлиқ тасдиқланди. Мулла Амир Имомиддин Амирга ёзган ҳисоботида ҳақиқатдан ҳам амлакдорлар камбағал аҳолини виждонсизларча талаганлиги, 50-60 вест энг яхши ҳосилдор ерлар экилмай қолаётганлиги, оғир солиқдан қийналган аҳоли ўз яшаш жойларини ва қишлоқларини ташлаб шаҳарга кетаётганлиги исботлаб берилди. Натижада деҳқонлар қўзғолони ва норозилигининг олдини олиш мақсадида солиқ нормаларини Амирнинг Қушбеги ҳужжатларида қайд этилган қонуний ҳолда олинишига кўрсатма берилди. Қўзғолон кўтарган деҳқонларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, солиқ билан шуғулланувчи махсус назоратчилар иш олиб борадиган бўлди. Қози мулла Амир Имомиддин ва Саидназарбек қоровул беги камбағал аҳолини тўлиқ тинчитиш мақсадида айбдор бўлган амлакдорларни вазифасидан озод қилиш масаласини Бухоро амирига ёзма тақдим қилди. Унда Денов беги Олмосбий амлакдорларни ишдан озод қилиб, уларнинг ўрнига виждонли, тоза деҳқонлардан тайинланса, деҳқонларнинг норозилигини бостириш мумкинлиги тўғри деб топилди. Амирдан олинган жавоб хатига мувофиқ айбдор амлакдорлар ишдан олиниб, ўрнига виждонли деҳқонлар қўйилди. Деҳқонлар қўзғолон кўтариш натижасида маълум ютуққа эришдилар, солиқлар тартибга келтирилиб, деҳқонлар манфаати ҳимоя қилинди.

Денов беклигидаги ХIХ асрнинг 80-йилларида бўлган деҳқонлар қўзғолони Эрназар полвон исмли шахс раҳбарлигида бўлиб ўтди. Қўзғолоннинг асосий сабаби Денов беги Абдураҳмон бекдан норози бўлган деҳқонларнинг ҳаракатини бостириш учун қуролланган отряд юборганлиги бўлган. Натижада деҳқонлар билан солдатлар ўртасида қуролли тўқнашув бўлди, бек қўшинлари мағлубиятга учради. Эрназар полвон раҳбарлигидаги қўзғолончи деҳқонлар Денов қалъасини беш кун қўлга ушлаб турдилар. Натижада Бухоро Амири Музаффархон Денов қўзғолонини бостириш учун йирик ҳарбий кучларни юбориб, шаҳарни қуршаб олди. Амир армияси сотқинлар туфайли қалъага киришга муваффақ бўлди ва қўзғолончиларни шафқатсизларча, аявсиз равишда жазолади.

Туркистон ҳарбий округи Бухоро амирлиги билан келишган ҳолда ХIХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб ҳарбий стратегик аҳамиятга эга бўлган топографик ишларни бошлаб юборди. Денов беклигида Кирхгоер раҳбарлигида топографик ишлар (яъни жой-номлари чегараларини аниқловчи бекликнинг ҳудудий жойлашув картаси) олиб борилди. Денов беклигидаги деҳқонлар бу ишларни Чор ҳукумати амалга оширмоқда, Россия гўёки, Деновни истило қилади деб тушундилар. Деҳқонлар ўтказилаётган топографик ишлар туфайли Россия Чоризми ерларни тортиб олади, хўжаликларни вайрон қилади ва деҳқонларни хонавайрон бўлишига олиб келади деб ўйладилар. Қўзғолон 1898 йил 18 майда Чут-Чоғлиқ қишлоғида бошланиб, таёқ-тош билан қуролланган деҳқонлар топограф ходими ва 2 та казакни қишлоқдан қувиб юбордилар. Бу қўзғолон ҳаракати бошқа қишлоқларга ҳам тарқалиб, оммавий тус олди. Денов беклигида 20 майда Шойтон қишлоғида, 21 майда Толли қишлоғида 30 нафар деҳқонлар топограф ва казакларга қарши қуролли уруш бошлади. Натижада Чор Россияси вакиллари Денов беклигини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.
1901 йил Деновда бўлган қўзғолоннинг овозаси ҳатто, Тошкент ва Петурбурггача етиб борди. Бу хил деҳқонлар ҳаракати Шеробод, Мўминобод, Ҳисор, Кулобда ҳам бўлиб ўтди. Қўзғолон шафқатсизларча бостирилиб, қўзғолончилардан 82 киши Дарбанд қоясида осиб ўлдирилди.

«Сурхондарё тарихи» китобидан 

Related Articles

Back to top button