Маданият

Ибтидо ва интиҳо, бугунги шароитда жараён қандай расмийлаштирилмоқда?

Маълумки, коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли аксарият дунё мамлакатларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам бир қатор ташкилот ва муассасалар фаолият кўрсатишни вақтинча тўхтатишга ёки хизмат кўрсатишни масофадан туриб амалга оширишга ўтишган. Зеро, буларнинг барчаси инсонлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган саъйи-ҳаракатлардир. Аммо, шундай масканлар борки, уларнинг фаолиятини тўхтатиш имкони мавжуд эмас. Шу боис, карантин эълон қилинган кундан бошлаб бу каби давлат ташкилотларига кириб-чиқиш қатъий назоратга олинган ҳолда карантин талабларидан келиб чиқиб амалга оширилаяпти. Жумладан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан ҳам фуқароларга хизмат кўрсатиш турлари қисқартирилди. Жумладан, никоҳ тузилганлиги, ажралганлик ва шунга ўхшаш хизмат турлари бўйича вақтинча хизмат кўрсатилмаётган бўлсада айрим кечиктириб бўлмайдиган хизматлар, яъни туғилиш ва ўлимни қайд этиш хизматлари санитария-гигиена талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, Сурхондарё вилоятидаги мавжуд ФҲДЁ бўлимларида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар хусусан (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилмоқда. Албатта, ушбу жараёнда ходимлар ва мурожаат билан келган фуқаролар ўртасидаги оралик масофани сақлаш, қоғоз билан ишлаш ҳамда маълумот алмашиш жараёнида дезинфекцияловчи ва ҳимоя воситаларидан фойдаланиш сингари эҳтиёт чораларига алоҳида эътибор қаратилган. Бошқа хизмат турлари учун эса, фуқаролар онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Маълумот учун, Сурхондарё вилоятидаги туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида 16013 та туғилиш ҳамда 3085 та ўлим ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилди.

Хизмат кўрсатишда чекловлар жорий қилинган бир вақтда Сариосиё тумани “Лочин” маҳалласида истиқомат қилувчи 94 ёшли Пирматова Ўғилой момонинг яқинлари онахонга паспорт расмийлаштириб беришни сўраб, Сариосиё туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишди.

-“1926 йилда таваллуд топган Ўғилой момо Пирматова 1940 йилда турмушга чиққан, ўрганишларимиз жараёнида маълум бўлдики, бошидан қанча машаққату синовларни ўтказган бу онахон ҳаёт ташвишлари билан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишни ҳам эсдан чиқарган. ФҲДЁ бўлимимиз томонидан керакли ҳужжатлар тўпланиб, туғулганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Тўғри мамлакатимизда эълон қилинган карантин чекловлари тугашини кутишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ, онахонни йўқлаш, тезроқ хушхабарни етказиш мақсадида бугунги шароит талабларига амал қилган ҳолда у киши истиқомат қилаётган хонадонга бориб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани Ўғилой момога топширдик. Барибир кексаси бор уйнинг файзи бўлакча, табаррук момомиз бизни алқаб, бугунги синовли кунлар тезроқ ортда қолишини, эл-юртга тинчлик сўраб дуо қилдилар”-дейди, Сариосиё туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Дилафруз Саматова

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, жорий йил бошидан буён Сариосиё туман ФҲДЁ бўлими томонидан 670 та туғилиш, 117 ўлим билан боғлиқ гувоҳномалар расмийлаштирилган.
Бир сўз билан айтганда нафақат ФҲДЁ бўлимлари балки, Сурхондарё вилоятидаги барча Давлат хизматлари кўрсатиш марказларида ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, фуқароларга зарурат бўлмаганда уйдан чиқмаслик имкон қадар масофадан туриб онлайн тарзда давлат хизматларидан фойдаланишлари лозимлиги юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

Related Articles

Back to top button